Иқтисодиёт | 11:13 / 18.09.2025
3784
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлди

Президентнинг "Ўзбекистоннинг Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат "Ўзбекистоннинг Евросиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга (Остона, 2006 йил 12 январ) қўшилиши тўғрисида"ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қайд этилишича, ЕОТБнинг устав капиталида Ўзбекистонга ҳар бирининг номинал қиймати 1000 АҚШ доллари бўлган 777 777 та акция тақсимот қилинган, шундан 168 411 таси (21,7 фоиз) – пул тўланадиган акция ва 609 366 таси (78,3 фоиз) – талаб бўйича тўланадиган акциялар.

ЕОТБ устав капиталидаги акцияларни харид қилиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга ошириладиган тўловлар жадвали тасдиқланди.

Қарорга илова қилинган жадвалга кўра, акцияларни сотиб олиш учун Ўзбекистон 2027-йилгача 168,4 млн долларлик тўловларни амалга оширади, бунда:

 • 2025-йилда — 10 млн доллар; 
 • 2026-йилда — 79,2 млн доллар; 
 • 2027-йилда — 79,2 млн доллар тўланиши белгиланган.

Бу мақсадлар учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига зарур маблағларни ажратади, 2026 йилдан бошлаб эса давлат бюджети параметрларида назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ушбу банкка аъзо бўлиши 2023-йилда маълум қилинганди. Ундан аввалроқ, 2021-йилда банк Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очишни режалаштиргани хабар қилинган.

Маълумот учун, Евросиё тараққиёт банки (Eurasian Development bank) халқаро молия ташкилоти бўлиб, Евросиё минтақаси мамлакатларида иқтисодиётни, савдо-иқтисодий муносабатларни ва интеграция жараёнларини ривожлантиришга қаратилган инвестиция фаолиятини амалга оширади.

2006-йилда ташкил этилган, устав капитали 7 млрд долларга тенг. Банкнинг штаб-квартираси Олма-Ота шаҳрида (Қозоғистон) жойлашган. Шунингдек, Санкт-Петербург, Остона, Бишкек, Душанбе, Ереван, Минск, Москвада ваколатхоналари мавжуд.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид