Жаҳон | 23:41 / 23.09.2025
8947
2 дақиқада ўқилади

Трамп Украинадаги урушнинг асосий ҳомийларини айтди

Оқ уй раҳбари давом этаётган урушнинг асосий ҳомийлари сифатида Россиядан нефт харид қилаётган Хитой ва Ҳиндистонни тилга олди. Шунингдек, Европанинг Россия нефти ва газини сотиб олишда давом этаётганини «шармандали» деб атади.

Фото: Bloomberg

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой ва Ҳиндистонни Россия билан иқтисодий ҳамкорлиги учун Украинадаги урушнинг «асосий ҳомийлари» деб атади. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари 23 сентябр куни Ню-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеясида маълум қилди.

«Хитой ва Ҳиндистон ушбу урушнинг асосий ҳомийлари бўлиб, Россия нефтини сотиб олишда давом этмоқда», деди Трамп.

Шунингдек, Трамп Европанинг Россия энергия ташувчиларини сотиб олишда давом этаётганини шармандали деб атади.

«Европаликлар фаоллашиши керак. Улар ҳозиргидек иш тутиши мумкин эмас. Улар Россия билан урушаётган бир пайтда Россиядан нефт ва газ сотиб олмоқда. Бу шармандалик», деди АҚШ етакчиси.

Аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Го Цзякун Хитой Украина инқирози бўйича изчил равишда адолатли ва холис позицияни эгаллаб келаётгани, бу инқирознинг ташаббускори ҳам, иштирокчиси ҳам эмаслигини айтганди.

Ўз навбатида, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди можарони тинч йўл билан ҳал қилиш ва тинчликни тезроқ тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатъий ва изчил позициясини билдирди.

АҚШ Молия вазирлиги аллақачон Европа Иттифоқи давлатлари ва «Катта еттилик» аъзоларини Украинадаги уруш тугамагунча Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга мажбур қилиш учун Хитой ва Ҳиндистонга қарши жиддий божлар жорий этишга чақирган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу чақириқни «қўрқитиш ва иқтисодий мажбурлаш» намунаси деб атади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид