Ўзбекистон | 20:22 / 24.09.2025
14912
2 дақиқада ўқилади

Cobalt ишлаб чиқариш кетма-кет бешинчи ой ҳам қисқарди

Ўзбекистон бозоридаги энг оммабоп модел – Cobalt ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилнинг мос даврларига нисбатан кетма-кет бешинчи ой камайди. Қисқариш август ойида 8,4 фоизни ташкил этган. Шунингдек, Onix ва Damas ишлаб чиқариш ҳажмида ҳам сезиларли камайиш кузатилган.

Фото: Kun.uz

2025 йил январ-август ойларида Ўзбекистонда 284 минг 352 дона енгил автомобиллар ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси шарҳида келтириб ўтилган.

Дастлабки 8 ойликда автомобил ишлаб чиқариш 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 9,2 фоизга ошган. Республикада ишлаб чиқарилган ҳар 100 та машинанинг 55 таси Cobalt ва Damas ҳиссасига тўғри келган.

Ҳисобот даврида Damas ишлаб чиқариш 2,8 фоизга, Cobalt ишлаб чиқариш эса 3 фоизга, Onix ишлаб чиқариш 6,3 фоизга қисқарган. Қолган барча моделларда сезиларли ўсиш кузатилган.

Хусусан, Cobalt ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилнинг мос даврларига нисбатан кетма-кет бешинчи ой камайди: апрелда – 6 фоиз, майда 10,6 фоиз, июнда 7,84 фоизга, июлда 14,7 фоизга, августда – 8,4 фоизга.

Ўз навбатида, Tracker ишлаб чиқариш 9 фоизга, Cherry моделларини ишлаб чиқариш 13,8 фоизга, Kia моделларини ишлаб чиқариш 34 фоизга, Haval брендига тегишли автомобиллар ишлаб чиқариш эса 3,8 баробарга ошди.

Маълумот учун, биринчи яримйилликда UzAuto Motors’нинг соф фойдаси ҳам 1,91 трлн сўмдан 1,38 трлн сўмгача ёки 27,5 фоизга камайди.  

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид