Жаҳон | 12:26 / 24.09.2025
2815
2 дақиқада ўқилади

Полша Беларус билан чегарани яна очади

Полша-Беларус чегарасидаги ўтиш жойлари 25 сентябрга ўтар кечаси очилади, дея маълум қилди бош вазир Доналд Туск.

Фото: Czarek Sokolowski/AP

Полша 25 сентябрга ўтар кечаси Россия-Беларус ҳарбий машғулотлари «Запад-2025» туфайли тахминан икки ҳафта олдин ёпилган Беларус билан чегара пунктларини қайта очади. «Ушбу машғулотларнинг якуни турли таҳдидларни камайтиради – гарчи барҳам топади деб айта олмайман – ва Полша ташувчилари ва темирйўлларининг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, биз бу чора ўз мақсадига эришди, деган хулосага келдик», деди 23 сентябр, сешанба куни бош вазир Доналд Туск. Бироқ, агар кескинлик кучайса, Варшава «тегишли қарорни иккиланмасдан қабул қилади», деб қўшимча қилди.

Полша бир томонлама тартибда Беларус билан чегарасини 12 сентябрга ўтар кечаси бутунлай ёпиб қўйди. Уч кун аввал бу қарорни эълон қилар экан, Туск буни Беларусда 12-16 сентябр кунлари ўтказилиши режалаштирилган, «ҳарбий доктрина нуқтаи назаридан жуда агрессив» «Запад-2025» манёврлари бошланиши билан боғлади.

10 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг учувчисиз учоқлари Полша ҳаво ҳудудини мисли кўрилмаган даражада бузди. Умумий ҳисобда хавфсизлик хизматлари 21 та дронни қайд этган, уларнинг бир қисми уриб туширилган. УУАнинг катта қисми Беларусдан келган. Дронларни тутиб олиш учун Полша самолётларидан ташқари бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётлари ҳам жойлаштирилди. Дрон парчалари Беларус ва Украина билан чегара яқинидаги Вирики қишлоғидаги уйга зарар етказди, қурбонлар қайд этилмади.

Варшава Россия атайлаб Полшага ҳужум қилганини ва Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашув ҳақида сўраганини билдирди. Россия Мудофаа вазирлиги Полшадаги нишонларга зарба бериш «режаси йўқлигини» маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид