Жаҳон | 14:40 / 29.09.2025
2087
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳуқуқ ҳимоячиси Беляцкий озод этилиши ҳақида маълум қилди

Инқирозга қарши халқ бошқармаси Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Алес Беляцкий ва бошқа юзлаб сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди. АҚШ президентининг вакили Жон Коул чақирувга жавоб қайтарди.

Алес Беляцкий Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп ёрдамчисининг ўринбосари Жон Коул контрабанда ва жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни уюштирганликда айбланган беларуслик ҳуқуқ фаоли, Нобел мукофоти лауреати Алес Беляцкийни озод қилиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. «Мен бунинг устида ишлаяпман!» - дея Коул 28 сентябр, якшанба куни X платформасида пост жойлаштирди.

Вашингтон вакили 2020 йилдаги сиёсий инқироз ва Беларусдаги норозилик намойишлари пайтида яратилган Инқирозга қарши халқ бошқаруви (НАУ)нинг 1200 дан ортиқ сиёсий маҳбусни озод қилишга чақирган постига изоҳ берди. Коулнинг қўшимча қилишича, озод этиш «жуда тез орада» амалга ошиши мумкин, бироқ у ҳеч қандай маълумот бермади.

«Весна» инсон ҳуқуқлари маркази асосчиси ва директори Алес Беляцкий 2021 йил июлида ҳибсга олинган. Қамоқда бўлганида у Россиянинг «Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази ва Украина фуқаролик эркинликлари маркази билан бирга 2022 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди. Мукофот 2022 йил декабр ойида Беляцкийнинг рафиқаси Наталя Пинчукка топширилган.

2023 йил мартида Минск суди Алес Беляцкийни «контрабанда» ва «оммавий тадбирларни ташкил этиш ёки ўтказиш қоидаларини такроран бузиш»да айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Беляцкий ҳам, етти ва тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган унинг ҳамкасблари Владимир Лабкович ва Валентин Стефанович ҳам ўз айбини тан олмади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид