Жаҳон | 11:11 / 29.09.2025
2265
2 дақиқада ўқилади

Дуров: «Муаммоли» Молдова каналларини ўчирмадим

Telegram асосчисининг сўзларига кўра, Франция разведка хизматлари унга бир йил аввал Молдовадаги президентлик сайловлари олдидан бир нечта каналларни ўчириш учун босим ўтказган. Павел Дуров Францияда тергов остида.

Фото: Alexander Shcherbak / TASS

Telegram асосчиси Павел Дуров «муаммоли» Молдова каналларини Франция разведка хизматлари илтимосига кўра ўчирмаганини айтди. Мессенжер яратувчиси 28 сентябр, якшанба куни ўзининг Telegramʼдаги каналида таъкидлаганидек, тахминан бир йил аввал Дуров Парижда бўлганида разведка хизматлари у билан воситачи орқали боғланиб, Молдовадаги президентлик сайловлари олдидан бир нечта каналларни блоклашни сўраган.

«Франция (ва Молдова) расмийлари томонидан белгилаб қўйилган каналларни кўриб чиққанимиздан сўнг биз қоидаларимизни аниқ бузган бир нечта каналларни аниқладик ва уларни ўчирдик», деб ёзди у. Дуровнинг таъкидлашича, воситачи унга ҳамкорлик эвазига француз разведкаси 2024 йил августида ҳибсга олиш учун ордер берган судяга у ҳақида «яхши хабар беришини» айтган.

Telegram асосчиси вазиятни «бир неча сабабларга кўра номақбул» деб ҳисоблади. Унинг таъкидлашича, судяга бундай мурожаат, агар у содир бўлганида, суд жараёнига аралашишга уриниш бўлар эди. Агар бу шунчаки маъқуллаш бўлганида, бу унинг қонуний мавқеидан фойдаланиш билан баробар, деди Дуров.

Унинг хабар беришича, Telegram жамоаси тез орада «муаммоли» деб аталувчи Молдова каналларининг иккинчи рўйхатини олди – уларнинг деярли барчаси қонуний ва мессенжер қоидаларига тўлиқ мос келади. «Уларнинг ягона умумий жиҳати шундаки, улар Франция ва Молдова ҳукуматларига ёқмайдиган сиёсий позицияларни билдирди», деб таъкидлайди Дуров ва уларни ўчириш талабини бажаришдан бош тортганини қўшимча қилди.

Франция расмийлари ҳозирча вазиятга изоҳ бермаган. Аввалроқ, 2025 йилнинг май ойида Павел Дуров «ғарбий Европа ҳукумати» Руминиядаги президентлик сайловлари олдидан Telegramʼдан «консерватив овозларни ўчиришни» сўраганини, бироқ у бу талабни «қатъий рад этгани»ни даъво қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид