Жаҳон | 21:40 / 04.10.2025
3000
2 дақиқада ўқилади

АҚШ қабул қилинадиган қочқинлар сонини рекорд даражада қисқартиради

Жойларнинг аксарияти «адолатсиз камситишга» дучор бўлган шахслар ва жанубий африкалик оқтанлилар - келиб чиқиши ҳолланд, немис ва француз бўлган мустамлакачиларнинг авлодлари учун ажратилиши кутилмоқда.

Фото: Jose Luis Gonzalez / Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти 2026 йилда қочқинларни қабул қилиш бўйича рекорд даражадаги паст чегарани ўрнатмоқчи. Бу ҳақда The New York Times газетаси манбалар ва тегишли ҳужжатларга таяниб ёзди.

Нашр маълумотларига кўра, квота 7,5 минг кишини ташкил этади. Бу ўтган йили собиқ президент Жо Байден маъмурияти томонидан ўрнатилган 125 минг кишилик квотадан 16 баравар ва Трампнинг ўзи биринчи президентлик даврида ўрнатган квотадан (15 минг) икки баравар кам.

Жойларнинг аксарияти «адолатсиз камситишга» дучор бўлган шахслар ва жанубий африкалик оқтанлилар - келиб чиқиши ҳолланд, немис ва француз бўлган мустамлакачиларнинг авлодлари учун ажратилиши кутилмоқда.

Бу борадаги якуний қарор, Оқ уй вакили сўзларига кўра, АҚШ Конгресси билан маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинади. Ҳукумат шатдаун туфайли бу маслаҳатлашувларни ҳозирча ўтказа олмайди. Бундан ташқари, 1 октябрда бошланган янги молия йилида АҚШ ҳозирча бирорта ҳам қочқинни қабул қилмайди, деди нашр суҳбатдоши. Бу демократлар ва республикачилар бюджет бўйича келишувга эришмагунча давом этади.

Жорий йил август ойида Reuters агентлиги манбаларга таяниб, Оқ уй 2026 йилга мўлжалланган қочқинларни қабул қилиш дастурини 40 минг кишигача қисқартиришини ёзган эди.

Доналд Трамп иккинчи президентлик муддати бошланганидан бери қочқинлар ва мигрантлар масаласида ўта қатъий сиёсатни илгари сурмоқда. Америка шаҳарларида миграцияга қарши оммавий рейдлар ўтказилмоқда, ҳокимият ўз мамлакатига қайтмоқчи бўлган мигрантларга субсидия таклиф қилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид