Жаҳон | 12:26 / 06.10.2025
2321
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Гуржистондаги сайловларни танқид қилди

Европа Иттифоқи вакиллари Кая Каллас ва Марта Кос Гуржистондаги муниципал сайловларни танқид қилди. Улар ҳукмрон партияни «ҳалол сайловлар ўтказиш имкониятини кескин чекловчи» шароитларни яратаётганликда айблади.

Фото: SCANPIX/EPA/DAVID MDZINARISHVILI

5 октябр, якшанба куни эълон қилинган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас ва Кенгайиш, шарқий қўшничилик, қайта қуриш ва Украина бўйича комиссари Марта Коснинг қўшма баёнотига кўра, Гуржистондаги муниципал сайловлар мухолифатга қарши «кенг қамровли репрессия шароитида» ўтказилди.

«Мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши бир неча ой давом этган рейдлар, фуқаролик жамиятига қарши қонунлар, мухолифат аъзолари ва фаолларининг ҳибсга олиниши, сайлов қонунчилигига ҳукмрон партия фойдасига киритилган ўзгартиришлар адолатли сайловлар ўтказиш имкониятини кескин чеклаб қўйди», — дейилади баёнотда. Гуржистон томонининг халқаро кузатувчиларни иштирок этишига рухсат бермаслиги «сайлов жараёнининг шаффофлигига путур етказди».

Мамлакатдаги эҳтимолий янги оммавий норозилик намойишлари олдидан Каллас ва Кос намойишчилар ва Гуржистон ҳукуматини «хотиржамлик ва вазминликни» сақлашга чақирди. Шунингдек, улар фуқароларнинг йиғилишлар ва сўз эркинлиги ҳуқуқларини ҳурмат қилишни сўради.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овозларнинг 75 фоизи санаб бўлингандан кейин ҳукмрон «Гуржистон орзуси» 81 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. У барча муниципалитетларда ғалабани эълон қилди. Тбилисида Каха Каладзе мэр лавозимини сақлаб қолди. Бош вазир Ираклий Кобахидзе партия ва мэрни ғалаба билан табриклар экан, «Гуржистон орзуси»нинг фахрий раиси, партия асосчиси Бидзина Иванишвилига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Сайловда «Гуржистон орзуси»дан ташқари қуйидаги партиялар ҳам иштирок этди: «Кучли Гуржистон– Лело» (6,775 фоиз), "Гахария – Гуржистон учун" (3,872 фоиз), "Гирчи" (3,291 фоиз) ва "Консерваторлар – Гуржистон учун" (2,765 фоиз), шунингдек, бир фоиздан кам овоз олган бир қатор кичикроқ партиялар. 

Бироқ кузатувчилар томонидан кенг тарқалган қонунбузарликлар ҳақида хабар берилмаган. Сайловлар ЕХҲТ халқаро кузатувчилари иштирокисиз ўтказилди, чунки Гуржистон расмийларидан таклиф жуда кеч келган. Овоз беришни кузатиш учун маҳаллий нодавлат ташкилотлар ҳам йўқ эди. Сайлов арафасида расмийлар кўплаб хорижий журналистларга киришга рухсат бермади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид