Технология | 21:00 / 08.10.2025
2558
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ўқув дастурини сунъий интеллект шакллантирадиган мактаб пайдо бўлди

Бунда дарслар ўқитувчилар томонидан эмас, балки сунъий интеллект томонидан бошқарилади.

Фото: Getty images

Техаснинг Остин шаҳрида янги Alpha хусусий мактаби очилди, у сунъий интеллектдан фойдаланишга асосланган «ноёб таълим дастурини» жорий этди. CBS News хабарига кўра, ўқиш нархи йилига 40 минг долларни ташкил қилади.

Ўқувчилар математика ва табиий фанларни ўрганишга кунига икки соатгача вақт ажратади. Махсус сунъий интеллект тизими уларнинг муваффақиятини кузатиб боради, «мураббийлар» эса доимий қўллаб-қувватлайди ва мотивацияни рағбатлантиради. Лекин улар ўқитувчилар эмас, IT-мутахассислар.

Асосий курсни тугатгандан сўнг, ўқувчилар 4 соатлик семинарларда қатнашиши мумкин, у ерда бизнес юритиш, Airbnb каби платформалар орқали кўчмас мулкни бошқариш ва инвестиция воситаларидан фойдаланиш каби амалий кўникмаларни ўзлаштиради.

Айни пайтда мактаб 16 та кампусга эга. 2025 йил сентябр ойида унга АҚШ таълим вазири Линда Макмахон ташриф буюрди. Мактаб раҳбариятининг таъкидлашича, уларнинг ўқувчилари стандартлаштирилган тест натижалари бўйича ҳар доим энг яхши 1 фоизга киради.

Шунга қарамай, баъзи педагоглар таълимда сунъий интеллектдан фойдаланиш самарадорлигига шубҳа билдирмоқда, чунки бунга «илмий далиллар йўқ». Улар, шунингдек, технологияларга ҳаддан ташқари қарамликдан хавотирда. Аммо, таъкидланишича, дастур ўқувчиларга ёқяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид