Жаҳон | 23:02 / 09.10.2025
5395
4 дақиқада ўқилади

ҲАМАС ва Исроил келишди: уруш тугайдими?

Ғазодаги уруш ниҳоят тугайдиганга ўхшаяпти. 9 октябр куни Исроил ва ҲАМАС оташкесим бўйича дастлабки келишувга эришди. АҚШ президенти Трампнинг босими билан қолган босқичларда ҳам келишув амалга ошса, учинчи йилга қадам қўйган қирғинбарот ниҳоят тугайди. Қуйида шу ҳақда.

Исроил чекинади

Келишув ҳақида биринчи бўлиб АҚШ президенти Доналд Трамп эълон қилди. Бошқача бўлиши мумкинми ахир? Трамп худди биздаги жуда кўп фейк хабарлар тарқатадиган Telegram-каналлар каби бунақа жиддий баёнотларни биринчи бўлиб беришга интилади. Олдинги муддатида Трамп бутун бошли Американи Twitter орқали бошқарарди ҳисоб.

«Катта фахр билан Исроил ва ҲАМАС келишувга эришганини эълон қилмоқчиман. Улар биз таклиф қилган тинчлик келишувининг биринчи бандини имзолади. Тез орада барча асирлар озод қилиниб, Исроил қўшинлари келишилган масофагача чекинади. Бу минтақадаги мустаҳкам ва абадий тинчлик томон йўл очади», деб ёзди Трамп ўзига тегишли Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

«Бу араб, мусулмон олами, Исроил, барча қўшни давлатлар ва АҚШ учун буюк кун. Воситачилик учун Қатар, Миср ва Туркияга раҳмат айтамиз», деб қўшимча қилди Америка президенти.

Музокараларнинг ҳал қилувчи босқичи Мисрнинг Шарм аш Шайх курорт шаҳрида ўтказилган. Унда Америка томондан Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф, президентнинг яҳудий куёви Жаред Кушнер, Қатар бош вазири ҳамда Туркия разведкаси раҳбари иштирок этган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам бу мамлакат учун буюк кун бўлганини ёзди. У ЦАҲАЛ аскарлари ва Трампга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Босиб олиш режаси-чи?

Энди видеонинг энг асосий жойига етиб келдик. Нетаняҳунинг баёнотидаги бир қисмига эътибор қилинг: «Яратганнинг инояти билан барча мақсадларимизни амалга ошириб, қўшниларимиз билан тинчликка эришишда давом этамиз». Биласизми, бу гапни ўқигач ўзи чиндан Нетаняҳунинг саҳифасими бу, деб қайта текшириб кўрдим. Ахир кечагина Ню-Йоркда БМТ минбарида туриб Фаластинни «террорчи давлат» деб атаган худди мана шу Нетаняҳу эмасмиди? «Террор давлати» энди биргаликда тинчликка эришиладиган қўшни бўлиб қолдими, жаноб бош вазир?

Ёки бўлмаса, худди шу Нетаняҳу яқиндагина Ғазони босиб олиш режаси ҳақида эълон қилиб, бўлгани оккупация қилишга киришмаганмиди? Нима бўлдики, Исроил бош вазири қўшинларини Ғазодан олиб чиқишга мажбур бўлмоқда? Сабаби оддий, Американинг босими зўр келса, Исроил ортиқ ҳаддидан ошолмайди. Машҳур сериалда МРБ вакили Моссад вакилига айтганидай, Яқин Шарқда аввал Америка манфаати, кейин Исроилнинг манфаати устун туради. АҚШ ҳар қанча Исроил мавжудлигининг сабабчиси бўлмасин, барибир ўз манфаатларини устун қўяди.

Америка энди бир замонлардагидай яҳудийлар давлатига ҳамма нарсани қилишга рухсат беролмайди, чунки глобал куч сифатида қолишни истаса, мусулмон олами, катта энергоресурслар устида ўтирган араблар манфаатини ҳам ўйлашга мажбур. Бир бурдагина Исроил учун Америка бутун дунё билан урушадиган даврлар ўтиб бўлди. Фаластинни тўлиқ оккупация қилишни режалаштирган Исроил Ғазодан чекиниб, ҲАМАС билан келишув имзолашини бошқача изоҳлаб бўлмайди.

Ана шунақа, жаноб Нетаняҳу. Зўр келса, чидайсиз. Фаластинни одамга ўхшаб қўшни дейсиз, икки дарё орасидаги барча ерларни эгаллашдек абсурд режаларингизни бир чеккага суришга мажбур бўласиз. Ишқилиб, Нетаняҳу ҳукуматидаги икки миллатчи келишув амалга ошишига халақит бермаса бўлгани...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид