Ўзбекистон | 11:37 / 09.10.2025
5252
2 дақиқада ўқилади

Табиатга уюштирилган ҳужум 839 миллион сўмга тушди

Самарқанд вилоятида табиат ресурсларига қарши ноқонуний ҳужумлар тўхтамаяпти. Паст Дарғом, Оқдарё ва Тойлоқ туманларида фуқаролар рухсатсиз қум-шағал қазиб олиши натижасида табиатга бир неча юз миллионлик зарар етказилгани фош этилди.

Вилоят прокуратураси ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ўтказилган текширувлар давомида Паст Дарғом ва Оқдарё туманларида табиат ресурсларини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари аниқланди.

Маълумотларга кўра, учта ҳолатда фуқаролар томонидан қум-шағал аралашмаларини рухсатсиз қазиб олиш натижасида табиий объектларга 839 миллион 744 минг сўм зарар етказилган. Ҳолат бўйича барча ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилган ва ноқонуний ишлатилган техник воситалар жарима майдончасига жойлаштирилган.

Экологик қонунбузарлик фақат бу билан чекланмаган. Тойлоқ туманида ўтказилган рейд тадбирлари чоғида Найман маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналидан икки нафар фуқаро – Самарқанд тумани Бадал маҳалласида яшовчи А.Э. ва Қўрғонча маҳалласида яшовчи С.А. қора қум аралашмасини ноқонуний равишда юк машинасига ортaётгани аниқланган.

Инспекторлар томонидан уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70¹-моддаси 1-қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, ҳар бирига 8 миллион 240 минг сўм миқдорида жарима қўлланган. Юк машинаси эса вақтинча жарима майдончасига олиб кетилган.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид