Жаҳон | 16:26 / 10.10.2025
6375
3 дақиқада ўқилади

Исроил ҳарбийларини Ғазодаги буфер зонага олиб чиқмоқда

Ҳамас билан сулҳ кучга кирди.

Фото: Getty Images

Исроил мудофаа армияси маълум қилишича, Исроил қўшинлари маҳаллий вақт билан жума куни тушдан бошлаб «янгиланган жойлашув чизиқлари бўйлаб позицияларни эгаллашни бошлаган». Бу Ҳамас ва Исроил ўртасидаги келишув доирасида келишилган ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини англатади.

Пайшанба куни Исроил ҳукумати томонлар АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида қабул қилган тинчлик режасини маъқуллади. Ҳужжатга кўра, Исроил армияси кўрсатилган позицияларни эгаллаганидан кейин Ҳамасда гаровга олинган исроилликларни қайтариш учун 72 соат вақт бўлади.

«ЦАҲАЛ Жанубий қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари белгиланган позициялар ҳудудида жойлашган ва ҳар қандай бевосита таҳдидни бартараф этишда давом этади», – дейилади қўмондонлик баёнотида.

Ҳозирча Исроил қўшинлари айнан қаердан чекинаётгани ҳақида тўлиқ картина мавжуд эмас.

AFP агентлиги Ғазо фуқаролик мудофааси агентлигининг юқори мартабали вакилига таяниб, ҳарбий техникалар Хон Юнуснинг айрим туманлари ва Ғазо шаҳрининг шимоли-ғарбий чеккаларидан олиб кетилганини маълум қилди.

Бутун сектор бўйлаб одамлар ўз ҳудудларига қайтишлари мумкин бўлган сигнални кутишмоқда.

Ғазо аҳолиси уйларига қайтишни бошлашга рухсат берилишини кутмоқда. Фото: Reuters

Исроил матбуоти хабар беришича, кечадан бери Ғазо соҳили бўйлаб Ал-Рашид йўлида кутиб турган юзлаб фаластинликлар сўнгги дақиқаларда шимолга қараб ҳаракатлана бошлаган.

Исроил армияси Ғазо аҳолисини фақат рухсат этилган йўналишлар бўйлаб ҳаракатланишга чақириб, уларни яқин келажакда келишув доирасида ҳали ҳам Исроил қўшинлари жойлаштириладиган ҳудудларга яқинлашмаслик кераклиги тўғрисида огоҳлантирмоқда.

Айни пайтда Исроил армияси сектор ҳудудининг ярмидан сал кўпроғини (тахминан 53 фоизини) назорат қилишда давом этмоқда, бу ҳудуднинг асосий қисми шаҳарлардан ташқарида жойлашган.

Бунга Ғазо сектори билан бутун чегара бўйлаб буфер зонаси, жумладан, Миср ва Ғазо ўртасидаги чегара ҳудуди бўлган Филаделфия йўлаги, шунингдек, секторнинг энг шимолидаги Байт-Ханун ва Байт-Лаҳия, Ғазо шаҳрининг шарқий чеккасидаги тоғли ҳудуд ва сектор жанубидаги Рафаҳ ва Хон Юнуснинг катта қисми киради.

«Келишувга кўра, ЦАҲАЛ қўшинлари Ғазо секторининг маълум ҳудудларида жойлаштирилади. Кейинги огоҳлантиришгача бу ҳудуддаги ЦАҲАЛ қўшинларига яқинлашманг. Уларга яқинлашиш сизни хавф остига қўяди», – дейилади исроил ҳарбийларининг араб тилидаги огоҳлантиришида.

«Исроил ҳудуди ва буфер зонасига яқинлашиш тақиқланган. Буфер зонага яқинлашиш жуда хавфли», – деди Исроил мудофаа армиясининг араб тилида сўзлашувчи вакили, полковник Авичай Адраи.

Шу билан бирга, жума куни эрталабдан Исроил ва Ғазо чегараси устида тутун ҳалқалари кўриниб турган.

Хабар қилинишича, жума куни Хон Юнус артиллериядан ўққа тутилган. Шунингдек, шимолроқда жойлашган Нецарим коридори ҳудудида отишма овозлари эшитилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид