Технология | 21:54 / 15.10.2025
7370
2 дақиқада ўқилади

Электромобиллар савдоси жаҳон рекордини ўрнатди

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ўсиш Хитойдаги юқори талаб ва АҚШдаги харидорлар оқими билан боғлиқ.

Фото: Reuters

Сентябр ойида тўлиқ электр ва тармоқдан қувват олувчи гибрид автомобилларнинг глобал савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 2,1 миллион донани ташкил этди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ўсиш Хитойдаги юқори талаб ва солиқ имтиёзлари якунида АҚШдаги харидорлар оқими билан боғлиқ. Шимолий Америкада сотувлар 66 фоизга ошиб, 215 минг донага етди.

Жаҳон савдосининг ярмидан кўпи Хитойга тўғри келди - тахминан 1,3 миллион дона автомобил. Бу ажабланарли эмас, чунки у аллақачон электромобиллар бозорининг «локомотивига» айланган.

Европада ҳам «бум» қайд этилди - сотувлар 427 мингдан ошди. Бунга Германиядаги давлатнинг рағбатлантирувчи дастурлари ва Буюк Британиядаги юқори талаб сабаб бўлган.

Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, яқин ойларда Европа бозорига Tesla Model Y арзонроқ версиясининг кириб келиши рақобатни янада кучайтиради.

Шу билан бирга, тўртинчи чоракда АҚШда электромобилларга талаб кескин пасайиши кутилмоқда, чунки истеъмолчилар ҳам, бизнес ҳам солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятини йўқотади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид