Жамият | 10:53 / 31.10.2025
4694
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси Golden House’ни огоҳлантирди

Golden House’нинг мижозлар билан тузган шартномаларида истеъмолчи ҳуқуқларини бузадиган ҳолатлар аниқланди. Хусусан, шартнома бандларига харидор ўз ташаббуси билан келишувни бекор қилганда ҳамда ушбу компания фаолиятига нисбатан норозилик билдириб ОАВ, тегишли идора ва ташкилотларга мурожаат қилса, шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиш киритилган. Бу қонунчиликка зид.

Golden House Property Group МЧЖга қонунбузилиш ҳолатларини ихтиёрий бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.

Ижтимоий тармоқ орқали «Танқид учун жарима ундирилиши қонунийми?» мазмунида қолдирилган мурожаат муҳокамаларига сабаб бўлган. Жумладан, ушбу мурожаатда «Агар истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, қурилиш ташкилоти тўланган маблағнинг ёки шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, мижозлар бу қурувчи корхона устидан мурожаат қилган тақдирда унинг ишчанлиги ва обрўсига путур етказилган дея яна унга жарима қўлланиши» ҳам билдирилган.

«Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда Golden House компанияси томонидан улуш киритиш асосида кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш шартномаси шартларида истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилган тақдирда ҳамда ушбу компания фаолиятига нисбатан норозилик билдириб ОАВ, тегишли идора ва ташкилотларга мурожаат қилинишига ҳам шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги сумманинг жарима сифатида ушлаб қолиниши истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлардан бири экани маълум бўлди», дейилади қўмита хабарида.

Рақобат қўмитаси томонидан «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4, 6, 21 ва 23-моддалари талаблари асосида Golden House Property Group МЧЖга қонунбузилиши ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш чораларини кўриши юзасидан белгиланган тартибда кўрсатма берилган.

 

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид