Жаҳон | 14:22 / 31.10.2025
2150
2 дақиқада ўқилади

Европалик ёшларга ЕИ бўйлаб саёҳат учун бепул чипталар берилади

ЕИнинг 40 минг нафар ёш фуқароси Европа Иттифоқи бўйлаб саёҳат қилиш учун бепул чипталарга эга бўлади. Аризалар 30 октябрдан 13 ноябргача қабул қилинади.

Фото: AP

Европа комиссияси 40 минг ёш европаликка ЕИ мамлакатлари бўйлаб бепул саёҳат қилиш имкониятини тақдим этади. Аризаларни қабул қилиш 30 октябр куни бошланди ва 13 ноябр куни тушгача давом этади. 18 ёшли ЕИ фуқаролари 2026 йил 1 мартдан май ойигача саёҳат қилиши мумкин. Бепул чипта соҳиблари келаси йил январ ойида эълон қилинади.

Саёҳатлар 2018 йилда ишга туширилган DiscoverEU дастури доирасида молиялаштирилади. Танловнинг ушбу босқичи учун ажратилган умумий маблағ тахминан 22 млн еврони ташкил этади.

Дастурдан ҳозиргача тахминан 300 минг ёш фойдаланган. Аризани European Youth Portal сайти орқали 2007 йилда туғилган ЕИ фуқаролари топшириши мумкин. Аризани шахсан ёки 18 ёшли беш нафар шахсгача бўлган гуруҳ номидан берса бўлади. Имконияти чекланган ёшлар ҳам иштирок этади — уларга чипталардан ташқари қўшимча ёрдам, масалан, ҳамроҳ учун алоҳида чипта ҳам тақдим этилади.

Ариза топширишда ЕИ, Европа парламенти сайловлари ва ёшлар учун бошқа ЕИ ташаббуслари бўйича бешта саволдан иборат қисқа тестдан ўтиш талаб этилади. Ғолиблар ана шу жавоблар асосида сараланади. Ҳар бир ЕИ давлати учун маълум чипталар квотаси ажратилган.

Ғолиблар 30 кунгача давом этадиган саёҳат учун бепул чипталар олади. Қолган барча харажатлар, жумладан яшаш тўловлари, иштирокчиларнинг ўзи томонидан қопланади. Бироқ меҳмонхонада яшаш ва музейларга ташриф учун чегирмалар мавжуд. Асосан поезд чипталари берилади, лекин айрим ҳолларда автобус ёки паром ҳам бўлиши мумкин. Самолёт чипталари фақат истисно тарзида тақдим этилади. Чипталарни харид қилишни Европа комиссияси белгилайдиган ташкилот амалга оширади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид