Жаҳон | 21:18 / 04.11.2025
13298
2 дақиқада ўқилади

Дубай амирининг қариндоши 50 млн евро эвазига тутқунликдан озод қилинди

Собиқ генерал Африканинг Мали давлатида ўғирлаб кетилган эди. Уни озод қилиш учун катта миқдорда пул тўлангани таъкидланмоқда.

Фото: Getty images

22 сентябрь куни Африканинг Мали давлатида ўғирлаб кетилган истеъфодаги генерал, Дубай ҳукмрон оиласи вакили Аҳмад бин Мактум бин Жума Ол Мактум, шунингдек, яна икки нафар шахс музокаралардан сўнг Азавад халқи вакиллари воситачилигида озод қилинди. Бу ҳақда Sahara Media нашрига манбалар маълум қилди.

Гаровга олинганларни озод қилиш учун Бирлашган Араб Амирликлари томонидан 50 миллион евро тўлангани таъкидланмоқда.

Африка ОАВ маълумотларига кўра, истеъфодаги генерал Малидаги фермага эгалик қилган ва ўғирлангунга қадар шу ерда яшаган.

Генерал ва яна икки шахс 22 сентябрь куни мамлакат пойтахти Бамако шаҳридан 30 км жанубда жойлашган Сананкоробо шаҳри яқинида қуролли гуруҳ аъзолари томонидан ўғирлаб кетилган эди. Уларни озод қилиш бўйича музокаралар сўнгги ҳафталарда минтақа етакчиси Арабий Валид Жедин ва Азавад халқининг нуфузли вакиллари - Муҳаммад ал-Маҳрий ва Саид Аҳмад аз-Зумайлий назоратида олиб борилди. Ўғирлашни «Ал-Қоида»га алоқадор «Жамоат нусратул-ислом вал-муслимин» (ЖНИМ) гуруҳи амалга оширган.

Сентябрь ойи бошидан бери гуруҳ Сенегал ва Кот-д'Ивуар йўлларида бензин ташувчиларга ҳужум қилиб, мамлакатда ёқилғи муаммосини юзага келтирди, бу эса Мали пойтахти Бамакода ёқилғи танқислиги, ёқилғи нархининг беш баравар кўтарилиши ва электр таъминотида кенг кўламли узилишларга олиб келди. АҚШ, Италия ва Германия элчихоналари ўз фуқароларини хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли Малини зудлик билан тарк этишга чақирди.

Сўнгги бир йил ичида Малида қуролли гуруҳлар томонидан одам ўғирлаш ҳолатлари кескин кўпайди, бу эса Саҳел минтақасидаги жиноий тўдаларнинг асосий даромад манбаларидан бирига айлантирди. Reuters нашрининг ёзишича, катта миқдордаги тўловлар Мали, Буркина-Фасо ва Нигерда бундай амалиётнинг янада фаоллашишига ёрдам бериши мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид