Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент марказида ўнлаб дарахтлар хавф остида - репортаж
Абдулла Қодирий кўчаси бўйидаги дарахтлар кўкаламзорлаштириш тадбирлари қурбони бўлиши мумкин. Ўнлаб дарахтларнинг пойига ярим метр ва ундан юқори баландликда тупроқ тортилди. Дендролог Атиргул Холмирзаевага кўра, бу дарахтларнинг секин-аста қуришига олиб келади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса дарахт атрофидаги тупроқ баҳоргача олиб ташланишини маълум қилди.
Абдулла Қодирий кўчасининг 3 кмлик қисмида бута ва гуллар экилмоқда. Бу учун кўча ёқасига тупроқ тўкилиб, ер сатҳидан 1 метрча кўтарилган. Мутахассислар ва экофаоллар агар ҳолат аслича қолса дарахтлар етарлича нафас олмай, нобуд бўлишини таъкидламоқда. Kun.uz мухбири манзилда бўлиб, вазиятни ўрганди. Шайхонтоҳур тумани ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўлими бошлиғи Нурлан Қулмановнинг айтишича, ҳар куни бу ерга шаҳар ва туман экология бўлими ходимлари келиб кетади.
“1-2 кун катта ҳажмда гул экиш ишлари олиб борилади. Ўша гул экиб бўлиб, дарахтларнинг тагини очиб чиқамиз. Тупроқ илдизнинг ҳаво олишини қийинлаштиради. Узоғи 2-3 кунда очамиз. 15 ноябрда шаҳарда меҳмонлар бор, ўшанга гул, бута экиш жараёни бўляпти, 2-3 кун ичида агротехник тадбирлар олиб борамиз. Дарахт жойлашуви инобатга олинган. Дизайнерлар дарахтнинг кейинги ўсувчанлигини ўйлаб 3 метр масофа қилиб олган. Буталар ҳозир дарахтгача бўлган жойига экиляпти”, - дейди у.
Қулмановнинг сўзларига кўра, қисқа вақтда катта иш қилингани учун дарахтлар атрофига тупроқ тўпланган.
“Битта дарахт эмас бу ерда. Қарийб 3 километр жойида бўляпти. Кўчанинг икки томонида. Команда бўлган бунга. Қор ёғадими, тош ёғадими дарахтларнинг атрофини очиб чиқишига мажбурмиз”, - дейди Қулманов.
Тошкент шаҳар ботаника боғи вакили, дендролог Атиргул Холмирзаева ҳам ҳудудга келиб, Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлди. Унинг маълум қилишича, дарахтлар охир-оқибат чириб кетиши мумкин.
“Бу ерга битта тупроқ билан қолмайди, газон қилади. Мана, лаванда, гуллар экиб қўйишибди. Буларга сув қуйилади. Захлайди.
Газон сепилса ҳам зах кетади. Тупроқ доимий ҳўл бўлгандан кейин тана чиришга ўтади. Мен ҳозир қурийди деб айтмайман, секин-аста қуриб боради. Шу ерни салгина юмшатиб, озуқа бериб, ҳалиги лавандаларни экса, чиройли бўлиб турарди. Кўринсин деганми? Чиройли қиламиз деб дарахтларни ўлдиришга олиб келяпти-да. Бунинг чиройли бўлгани керакми, бизга кислород керакми? Менимча, бу нотўғри.
Ундан кўра чиройли қилиб, тўсиқ қилиб пастга экилса, ана ўшанда кўп йиллик ўсимликлар йилдан йилга чиройли бўлиб тураверарди”- дейди Холмирзаева.
Дендролог бундай харажатларнинг ўрнига дарахтларни озиқлантириш, парваришлашни кўриб чиқиш зарурлигини айтди.
“Лавандалар роса қалин экилган. Ҳозир чиройли бўлиб турсин деб қалин экиляпти-да. Буларга кенглик керак. Илдизига ҳам жой керак. Майдони кенг бўлса, гуркираб ўсади”, - дейди Холмирзаева.
Унинг қўшимча қилишича, пойтахт ҳокимлиги дарахт ёки буталар ўтқазаётганда дендрологларнинг тавсияларини олмайди.
“Биздан умуман маслаҳат олишмайди. Ўзлари олиб келади, ўзлари экади. Қуригандан кейин бизни чақиришади-да, нима учун қуриб қолди, опа дейди. Кейин биз Ўзбекистон иқлимига чидамайди деймиз. Мана ҳозир бу ерда розмаринлар бор, улар бизни совуққа чидамайди, лавандалар иссиқсевар ҳисобланади”, - дейди Атиргул Холмирзаева.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, дарахтлар танасининг пастки қисмини ёпиб турган кўтарма тупроқ зичлаш жараёни якунлангач олиб ташланади.
“Ушбу жараён дарахтлар учун хавф туғдирмайди, чунки ҳаво алмашинуви сақланиб қолган ва вақт чекланган”, - дейилади ҳокимлик ахборотида.
Мавзуга оид
09:00 / 30.11.2025
Ишлаб кетган қонунлар ва тўхтамаётган дарахткушлик — ҳафта дайжести
20:10 / 27.11.2025
“Зовурни ёпмоқчи бўлиб дарахтларга қирон келтиришди” – Бувайда туманидаги дарахткушлик тафсилоти
18:09 / 25.11.2025
Экология инспекторига куч ишлатган Бувайда тумани ҳокими ўринбосари ишдан олинди
15:25 / 25.11.2025