Таълим | 10:23 / 07.11.2025
2185
2 дақиқада ўқилади

Академик алмашинув: Бангладешга борувчи ўзбек талабалари сони ошади

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Бангладеш таълим вазири Чоудҳури Рафиқул Абрар ўртасида ўтказилган учрашувда икки мамлакат ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Музокараларда олий таълим, илмий-тадқиқот ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусан қуйидаги йўналишлар бўйича амалий қадамлар белгилаб олинди:

  • қўшма таълим дастурлари (бакалавриат/магистратура)ни йўлга қўйиш ва дастурлар ўқув режаларини уйғунлаштириш;
  • академик мобиллик: семестрлик/йиллик талабалар алмашинуви, стажировкалар ва ўқитувчилар визитлари;
  • илмий ҳамкорлик: қўшма конференциялар, семинарлар ва лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш;
  • инновация экотизими: стартаплар ва технопарклар орқали тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришни қўллаб-қувватлаш.

Учрашувда Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Бангладеш ОТМ билан мавжуд алоқалари келгуси қўшма ташаббуслар учун мустаҳкам асос экани қайд этилди. Шунингдек, Самарқанд давлат университетида табиий фанлар, ахборот технологиялари, ижтимоий-гуруҳ фанлар, иқтисодиёт ва менежмент ҳамда туризм йўналишлари бўйича хорижий талабалар учун шароитлар кенгайтирилиши мўлжалланмоқда.

Келишувлар самарасида Бангладешга борувчи ўзбек талабалари сони босқичма-босқич ошиши, қўшма дастурлар сони кўпайиши ва икки томонлама дипломларни ўзаро тан олиш бўйича техник тартиб-таомиллар соддалашиши кутиляпти. Бу эса кадрлар тайёрлаш сифати, тил ва маданий компетенциялар ҳамда академик тажриба алмашинувини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид