Ўзбекистон | 18:29 / 12.11.2025
3130
2 дақиқада ўқилади

Уй-жой хариди учун банкда эскроу ҳисобварағини очишга рухсат берилди

Банк ҳисобварақларини очиш тўғрисидаги йўриқномага ўзгариш киритилди. Энди мижозлар банкларда эскроу ҳисобварақларини очиши мумкин. Бу тизим қурилишда молиявий интизомни кучайтириши ва мижозлар учун хавфсиз муҳит яратиши керак.

Фото: Kun.uz

Адлия вазирлигида «Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарор давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ушбу ҳужжат билан бир қатор янгиликлар белгиланди, жумладан:

- Энди мижозлар банкларда эскроу ҳисобварақларини очиши мумкин (маълумот учун: бу ҳисобварақлар электрон тижоратда электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотдиси, улушли шартномалар бўйича ва бошқа соҳаларда битимлар тузишда қўлланилади).

Банк ҳисобварақларини очиш учун мижозлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг ҳамда ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс тўғрисидаги маълумотноманинг ЯИДХП (my.gov.uz) ва/ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шаклини тақдим этиши мумкин.

Норезидент жисмоний шахслар илгари тегишли банкда банк ҳисобварағини очган бўлса, ушбу банкда бошқа банк ҳисобварағини масофадан туриб очиши мумкин.

14 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсга ота-онадан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс (қонуний вакили) томонидан миллий ва чет эл валютасида депозит, металл ҳисобварақлар очиш мумкин.

14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар миллий ва чет эл валютасида депозит, металл ҳисобварағини мустақил равишда очиши мумкин.

Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан Ўзбекистонда уй-жой харид қилиш жараёнида эскроу тизими амалиётга жорий этилди. Бунда амалдаги ва янги тизим параллел равишда қўлланади. 2026 йил 1 январдан бошлаб фақат эскроу ҳисобварақ орқали ҳисоб-китобларга рухсат этилди. Бу тизим қурилишда молиявий интизомни кучайтириши ва мижозлар учун хавфсиз муҳит яратиши керак.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид