Ўзбекистон | 08:54 / 13.11.2025
2269
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг янги бош директори билан учрашди

12 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО бош директори лавозимига сайланган Ҳолид ал-Ананийни қабул қилди. Суҳбатда Бош конференциянинг 43-сессияси якунлари ва ЮНЕСКО–Ўзбекистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув аввалида давлат раҳбари Ҳолид ал-Ананийни юксак лавозимга сайлангани билан табриклаб, унга келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади. Янги сайланган бош директор ўз навбатида президентга ЮНЕСКОнинг бош тадбири қўллаб-қувватлангани ва юксак савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.

Томонлар Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги тизимли, сермаҳсул ҳамкорлик кенг қамровли йўналишларни ўз ичига олаётганини мамнуният билан қайд этди. Ташкилотнинг мамлакатдаги лойиҳавий фаолиятини кенгайтириш, қўшма дастур ва ташаббусларни амалий ижрога йўналтириш борасида саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришга тайёрлик тасдиқланди.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган стратегик ташаббусларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид