Жаҳон | 20:17 / 14.11.2025
3702
6 дақиқада ўқилади

Исроиллик кўчманчилар Ғарбий Соҳилдаги масжиднинг бир қисмини ёқиб юборди

Исроиллик радикал кўчманчилар босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Ҳожа Ҳамида масжидининг бир қисмига ўт қўйди. Натижада муқаддас китоблар ва бир нечта гилам ёниб кетган. Исроил армияси Бош штаби бошлиғи кўчманчиларнинг зўравонлигини камдан кам учрайдиган тарзда қоралади. БМТга кўра, Ғарбий Соҳилдаги зўравонликлар сони ва шиддати кескин ошиб бормоқда.

Фото: AP

2023 йил октябрда бошланган Ҳамас-Исроил уруши ортидан Ғарбий Соҳилда кўчманчилар зўравонлиги кучаймоқда. Натижада ўн минглаб фаластинликлар уйларини ташлаб кўчишга мажбур бўлмоқда.

13 ноябрь куни исроиллик радикал кўчманчилар босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Ҳожа Ҳамида масжидини ёқиб юборди. New York Times'нинг ёзишича, ҳужум – АҚШ ва Исроил ҳарбий расмийларининг ҳудудда зўравонлик кучайиши борасидаги хавотири ортаётган пайтга тўғри келди.

Пайшанба куни тонг саҳарда содир бўлган воқеа Ғарбий Соҳилнинг шимолидаги Деир Истия қишлоғида юз берди. Ҳужум чоғида масжид бўш бўлган ва ҳеч ким жабрланмаган.

Фото: AP
Фото: AP

Фаластин маъмурияти расмийси Али Диабнинг айтишича, ёнғин оқибатида масжиддаги муқаддас Қуръони Карим китобларининг бир қисми ёнган. Бино деворлари қорайиб кетган ва гиламлар ҳам ёқиб юборилган. Кўчманчилар масжиднинг ташқи деворларига ҳақоратли сўзларни ҳам ёзиб кетган.

Фото: AP

«Бу ҳаракатлар қўрқинчли. Агар масжидда одамлар бўлганида-чи? Биз фожиа билан юзма-юз келишимиз мумкин эди», дейди фаластинлик расмий.

«Бу экстремистик гуруҳлар ҳаётимизни вайрон қилмоқда. Ҳар куни ўзимизни кўпроқ қўрқувда ҳис қиляпмиз», дея масжид имоми Аҳмад Салемнинг сўзларини келтирмоқда нашр.

БМТ, АҚШ ва ҳатто Исроил ҳам «норози»

Исроил армияси Бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Эйол Замир шу ҳафта исроиллик кўчманчилар зўравонлигини камдан-кам учрайдиган тарзда қоралади.

Эйол Замир / Фото: Anadolu

Исроил ҳарбийларининг баёнотида худди шу ҳудудда масжидга қарши қасддан ўт қўйилганига ишора қилинган, лекин буни ким қилгани айтилмади. Ҳарбийлар ҳар қандай зўравонликни қоралашларини баён қилиб, «ҳудудда хавфсизлик ва тартибни таъминлаш учун ҳаракатни давом эттиришларини» маълум қилди.

Трамп маъмурияти ҳам ҳужумлар борасида хавотир билдирди. «Ғарбий Соҳилдаги воқеалар кенгайиб, Ғазода қилаётган ишларимизни издан чиқариши мумкин деган ташвиш бор,» деди АҚШ давлат котиби Марко Рубио.

БМТнинг Қуддусдаги гуманитар масалалар идораси Ғарбий Соҳилда «фаластинликларга қарши кўчманчилар зўравонликлари сони ва шиддати кескин ошгани» ҳақида огоҳлантирди. БМТ маълумотларига кўра, октябрь ойида кўчманчиларнинг 264 та ҳужуми оқибатида фаластинликлар жароҳатланган ёки мулкий зарарга дучор бўлган. Бу деярли йигирма йил ичида зўравонликларнинг энг юқори ойлик кўрсаткичи.

Фото: Reuters

Фаластин Вақф ва диний ишлар вазирлиги ҳодисани босиб олинган ҳудуддаги муқаддас жойларга бўлаётган «ваҳшийлик»ни ёритиб берувчи «мудҳиш жиноят» деб атади.

БМТ бош котиби Антонио Гутеррешнинг матбуот котиби ҳужумдан «чуқур ташвишга» тушганини билдирди. «Ибодат масканларига бундай ҳужумларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди,» деди Стефан Дюжаррик Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида ўтказилган брифингда.

«Биз Ғарбий Соҳилда исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликлар ва уларнинг мулкига қилаётган ҳужумларини қоралаб келганмиз ва бундан кейин ҳам қоралаймиз,» дея Дюжаррикнинг сўзларини келтирмоқда Al-Jazeera.

Фото: AP

«Оккупацион куч сифатида Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва ушбу ҳужумлар учун масъул бўлган шахслар жавобгарликка тортилишини таъминлаш мажбуриятига эга», деди БМТ расмийси.

Ҳарбийлар кўчманчиларни ҳибсга ололмаяпти

NYT’нинг ёзишича, ҳужумлар Исроил армияси ичидаги норозиликни ҳам юзага чиқарди. Баъзи қўмондонлар исроиллик кўчманчи радикалларга қарши кескинроқ чораларни қўллаш учун ҳукуматдан рухсат кераклигини айтмоқда. Чунки ўнг қанот ҳукумати таркибидаги кўчманчилар етакчилар куч идораларининг ҳибсга олишда фойдаланган айрим ваколатларини қисқартирди.

Яқинда исроиллик ҳарбий қўмондонлар мудофаа вазирининг Ғарбий Соҳилда кўчманчилар учун маъмурий қамоқ буйруқларини тасдиқлашни тўхтатиш қарорига норозилик билдиришган. Бу ҳудудда — маъмурий қамоқ хавфсизлик учун таҳдид деб топилган шахсларни айбловсиз ушлаб туришга рухсат беради. Лекин бу турдаги жазо ҳануз фаластинликларга нисбатан қўлланмоқда.

Кацдан аввалги вазир Йоав Галлант эса яҳудий кўчманчилар томонидан ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида бундай буйруқлардан кўп фойдаланган эди.

Исроиллик кўчманчилар ва IDF аскарлари / Фото: AFP

Исроиллик расмийларга кўра, бир нечта қўмондон яқинда генерал Замирдан зўравон кўчманчиларга нисбатан маъмурий қамоқ буйруқларини қайта жорий қилишни ҳукуматдан сўрашни илтимос қилган.

Бугунги кунда Ғарбий Соҳилда яшаётган қарийб уч миллион фаластинлик Исроил ҳарбий бошқаруви остида яшамоқда. Бу тизим уларга адолатли ҳуқуқий кафолатларни деярли бермайди.

Фаластинлик ва исроиллик инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг айтишича, Исроил ҳукумати одатда кўчманчилар ҳужумларига кўз юмади. Тўқнашувларни тарқатаётган исроиллик аскар ва полициячилар кўпинча ҳужумчиларнинг ўзини ҳибсга олмасдан кетади ёки фақат фаластинликларни ушлайди.

Наблус шаҳрига ҳужум қилган кўчманчилар

Жуда кам ҳолатларда исроиллик зўравонлар айбланади, ушланганларнинг эса янада озроғи судда айбдор деб топилади.

Бир неча кун олдин Ғарбий Соҳилдаги Наблус шаҳри яқинида ўнлаб ниқобли кўчманчилар фаластинликларга ҳужум қилиб, автомобилларни ёқиб юборган эди.

Ундан олдинроқ эса кўчманчилар зайтун тераётган деҳқонлар ва уларни кузатиб турган хорижий журналистларга ҳужум қилганди. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид