Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц Украинага ёрдам учун РФ активларидан фойдаланишга чақирди
ГФР канцлери Берлинда Украина узоқ муддатли мудофаа учун зарур маблағлар билан таъминланиши кераклигини билдирди. Унинг таъкидлашича, музлатилган Россия активлари бўйича қарор ЕИнинг декабр саммитидаёқ қабул қилиниши лозим.
Фото: REUTERS
ГФР канцлери Фридрих Мерц Евроиттифоқ саммитига бир неча ҳафта қолган бир пайтда, Евроиттифоқда музлатиб қўйилган Россия давлат активларидан Украинага кўмак кўрсатиш мақсадида фойдаланишга чақирди. «Украина Россия агрессиясига қарши курашиш учун узоқ муддатли режада зарур молиявий ресурслар билан таъминланиши шарт», — деди Мерц 14 ноябр куни Берлинда Кипр президенти Никос Христодулидис билан учрашувдан сўнг.
«Бу биз учун юқори устувор вазифа, энг олий устуворликка эга масала», — дея урғу берди федерал ҳукумат раҳбари. У, шунингдек, бу борада «деярли ҳар куни» Еврокомиссия ва ЕИга аъзо давлатлар билан музокаралар олиб бораётганини қўшимча қилди.
Мерцнинг таъкидлашича, Германия ва Кипр Украинага кейинги қўллаб-қувватлаш доирасида ушбу активлардан фойдаланиш зарурлиги ҳақида ягона фикрда. Унинг сўзларига кўра, Еврокомиссия ҳозирда у таклиф қилган механизмларни кўриб чиқмоқда. Dpa агентлиги эслатишича, ЕИга аъзо 27 давлат октябр ойидаги саммитда Россия активларидан фойдаланиш масаласида келишувга эриша олмаган ва энди декабрдаги учрашувда бу борада силжиш бўлишига умид қилмоқда.
Россия активларидан Украинага ёрдам учун фойдаланишга аввало Белгия қарши чиқмоқда — РФ музлатилган маблағларининг катта қисми айнан шу ерда сақланади. Шу билан бирга, Кипр президенти ҳам активлар бўйича қарор юридик жиҳатдан мутлақо тўғри бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Режага кўра, музлатилган Россия давлат активларидан мураккаб молиявий механизм орқали ЕИ облигацияларини чиқаришда фойдаланиш, кейин эса ушбу маблағларни Украинага йўналтириш назарда тутилган. Европа мамлакатлари, жумладан Германия, бу ҳолатда гап Россия пулларини мусодара қилиш ҳақида бормайди, деб алоҳида таъкидлаб келмоқда.
Берлинда Кипр президенти билан учрашув чоғида Фридрих Мерц, шунингдек, Евроиттифоқ Россияга нисбатан жорий этилган санкциялардан четлаб ўтиш уринишларига тизимли равишда қарши чиқиш ниятида эканини билдирди. «Бизнинг мақсадимиз — бирин-кетин барча “тешик”ларни ёпиб бориш ва бундан Туркия ҳукумати ҳам хабардор», — деди канцлер. У бу фикрларини Россия ЕИ санкциялари билан тақиқланган товарларни Туркия орқали қўлга киритаётгани ҳақидаги айбловлар муҳокамаси фонида баён этди.
Мавзуга оид
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
08:40
Мерц АҚШга Россиянинг музлатилган активларини беришга қарши чиқди
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025