Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина: Харкивда қурбонлар, Днипрога зарба ва "ДХР"да блэкаут
Харкив вилоятида Россиянинг янги ҳужуми оқибатида 17 ёшли қиз ҳалок бўлди, яраланганлар бор. "ДХР" ҳудудида эса икки йирик ИЭСга зарбадан кейин иккинчи кундирки, электр таъминоти йўқ, блэкаут ҳолати сақланмоқда.
Фото: Telegram / synegubov
Россия қўшинлари 18 ноябрга ўтар кечаси Украина бўйлаб ҳаводан ҳужумларни давом эттирди. Харкив вилоятидаги Берестин шаҳрига ракета зарбаси натижасида 17 ёшли қиз ҳалок бўлди, жабрланувчилар бор, деб хабар берди Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.
«Шифохонада Берестин шаҳрига ракета ҳужуми оқибатида оғир жароҳат олган 17 ёшли қиз вафот этди. Жами 9 нафар жабрланувчи бор, улардан етти нафари портлаш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Яна икки киши кучли стресс ҳолатига тушган», – деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Днипро шаҳрида Россия дронлари вокзалга зарба берди, натижада бир нечта поезд йўлга кечикиб чиқди, вокзалда портлаш тўлқини бир неча ойнани синдирди, минтақа қисман электр энергиясиз қолгани ҳақида "Укразалізниця" темирйўл компанияси хабар қилди. Шунингдек, "Суспільне" минтақавий таҳририяти ва Украина радиоси биноси ҳам зарар кўрган.
Бу орада ўзини "Донецк халқ республикаси" ("ДХР") деб атайдиган тузилмада Россия томонидан тайинланган минтақа раҳбари Денис Пушилин 18 ноябр кечқурун Украина армияси иккита иссиқлик электр станцияси (ИЭС)га ҳужум қилганини билдирди.
«Зуевск ва Старобешево ИЭС шикастланди. Кўплаб аҳоли пунктлари электр таъминотисиз қолди, оқибатда қозонхоналар, филтрлаш станциялари иши тўхтади», – деб ёзди у Telegram’да.
Зуевск ИЭС Донецкдан 40 км масофада, Зугрэс шаҳрида жойлашган. Маҳаллий аҳолига кўра, ўтган тун улар кўплаб портлаш овозларини эшитган, шундан кейин станцияда ёнғин чиққан. Ортидан ёруғлик ўчган. Электр таъминоти урушга қадар 15 минг киши яшаган қўшни Иловайск шаҳрида ҳам йўқолган. Старобешево ИЭС эса Донецкдан тахминан 20 км узоқликдаги Новий Свет посёлкасида жойлашган. Ҳар иккала ИЭС 2023 йил бошида ҳам отишма нишонларига айланган эди.
Аввалроқ, 17 ноябр куни тунги ҳужумлар вақтида Украина дронларининг "ДХР" энергетика инфратузилмасига зарбаси оқибатида Донецк, Макеевка, Горловка ва Ясиноватая шаҳарларида ярим миллионга яқин киши ёруғликсиз қолган, қозонхоналар иши тўхтаган эди. Электр таъминотини фақат кун охирига келиб қисман тиклашга муваффақ бўлинди. Шу билан бирга, Пушилин яқин вақт ичида режали электр энергиясини ўчиришлар эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди.
Мавзуга оид
13:45
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025