Жаҳон | 15:37 / 19.11.2025
10094
5 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Россия урушни тўхтатиш бўйича янги режа устида ишламоқда

Россия президенти махсус вакили Кирилл Дмитриевнинг сўзларига кўра, бу сафар «Россия позицияси чиндан ҳам эътиборга олинган».

Фото: Вячеслав Прокофев / ТАСС / Profimedia

Трамп маъмурияти Россия вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда ва Украинадаги урушни якунлаш бўйича янги режа устида ишламоқда, деб хабар берди Axios америкалик ва россиялик мулозимларга асосланган ҳолда.

Axios манбаларига кўра, режа 28 банддан иборат, улар тўртта умумий категорияни тавсифлайди: Украинада тинчлик, хавфсизлик кафолатлари, Европадаги хавфсизлик ҳамда АҚШнинг Россия ва Украина билан келгусидаги муносабатлари. Лойиҳада Украина шарқидаги ҳудудлар масаласи бўйича нима дейилгани номаълум.

Америкалик расмийнинг сўзларига кўра, лойиҳани тайёрлаш ишларига Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф раҳбарлик қилмоқда, у лойиҳани Россия президенти махсус вакили Кирилл Дмитриев билан батафсил муҳокама қилган. Дмитриевнинг ўзи эса 24–26 октябр кунлари Майамига ташрифи чоғида Уиткофф ҳамда Трамп жамоасининг бошқа аъзолари билан уч кун давомида музокаралар олиб борганини айтган. Украиналик мулозимнинг маълумотига кўра, Уиткофф бу режани шу ҳафта бошида Майамида бўлиб ўтган учрашувда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров билан ҳам муҳокама қилган.

Режа тафсилотлари номаълум. Дмитриевнинг таъкидлашича, «асосий ғоя» Трамп ва Путин Аляскада келишиб олган тамойилларни қабул қилиш бўлган. Унинг сўзларига кўра, музокаралар доираси «анча кенгроқ бўлиб, нафақат Украинада, балки Европада узоқ муддатли хавфсизликни қандай таъминлаш ҳақида» гап кетади. Дмитриев бу сафар руслар «Россия позицияси чиндан ҳам тингланганини ҳис қилишаётгани»ни таъкидлаган.

Россия президенти махсус вакилининг сўзларига кўра, Америка томони ҳозирда украинлар ва европаликларга ҳозирги ёндашувининг «фойдалари»ни тушунтирмоқда. «Ва бу Россия ҳақиқатан ҳам жанг майдонида қўшимча муваффақиятларга эришаётгани фонида содир бўлмоқда», – дея қўшимча қилди у. «Фойда» нимадан иборатлиги ва бу қандай ёндашув эканига Дмитриев аниқлик киритмаган.

Шу билан бирга, The Wall Street Journal ва Politico нашрлари ёзишича, Трамп Украинага АҚШ армия вазири (бу Пентагон ичидаги лавозим) Дэниел Дрисколл бошчилигидаги юқори мартабали делегацияни юборган. У Володимир Зеленский ва Украина расмийлари, шунингдек, етакчи ҳарбийлар ва саноат вакиллари билан учрашиши кўзда тутилган, дейди WSJ манбалари. Кейинроқ Дрисколл Россия томони билан ҳам учрашишни режалаштирмоқда, бироқ айнан ким билан ва қаерда учрашишига аниқлик киритилмаган.

WSJ суҳбатдошининг сўзларига кўра, Дрисколлнинг миссияси «Трамп номидан тинчлик музокараларини қайта бошлаш»дан иборат. АҚШ президенти маъмуриятидаги манба Дрисколл «ҳақиқий вазият ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун» Украинага бориши ва ўз хулосаларини Оқ уйга тақдим этишини маълум қилган. Politico нашри АҚШ ва Украина пилотсиз технологиялар алмашинуви бўйича келишув устида ишлаётгани ва сафар ушбу саъй-ҳаракатларни ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилганини қўшимча қилган.

Володимир Зеленский бир кун олдин 19 ноябр куни «тинчлик музокараларини фаоллаштириш» учун Туркияга боришини хабар қилганди. «Музокараларни фаоллаштириш устида ишлаяпмиз, ҳамкорларга таклиф қилиш учун қўлимизда тайёрланган ечимлар бор. Урушга якун ясашни барча имкониятлар билан яқинлаштириш – Украинанинг биринчи даражали вазифаси», – дея ёзди у. Reuters Уиткофф ҳам Туркияга учиши ҳақида хабар берганди, аммо кейинроқ Axios манбаси унинг сафари қолдирилганини маълум қилди. Бунинг сабабига аниқлик киритилмаган.

The Economist журналисти Оливер Кэррол Туркияда Уиткоффнинг Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак билан учрашувлари ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилгани, аммо бу ҳам бекор қилингани, чунки Уиткофф «бу учрашувга розилик билдирганида у ўралашиб қолган можаро ҳақида билмагани» ҳақида ёзди – у катта эҳтимол билан, «Энергоатом» атрофидаги коррупция можаросини назарда тутган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид