Жаҳон | 23:27 / 19.11.2025
13217
2 дақиқада ўқилади

Путин умр кўриш давомийлиги 150 йил бўлиши мумкинлигини тахмин қилди

Россия президенти мамлакат ўз олдига ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш бўйича аниқ мақсадларни қўйганини, балки 150 йилга ҳам етказиш мумкин бўлишини айтди.

Фото: РИА Новости

Умр кўриш давомийлиги 150 йил бўлиши мумкин, аммо бу ҳам ҳар доим кам бўлади, деди Россия президенти Владимир Путин. Бу ҳақда РИА хабар берди.

«Сунъий интеллект оламига саёҳат» конференцияси давомида у бир вақтлар инсон 20, 30, 35 йил яшагани ва бу нормал ҳолат ҳисобланганини айтди. Кейинчалик айрим мамлакатларда ва умуман сайёрамизда ўртача ёш 35, 45, 50 ёшгача кўтарила бошлади.

«Ҳозир баъзи мамлакатларда 80 ёшга етди ва биз ҳам ўртача ёш шунча бўлишига ҳаракат қиляпмиз. У ерда аёлларда бироз кўпроқ, эркакларда эса камроқ. Биз ҳатто ўз олдимизга ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш бўйича аниқ мақсадларни қўямиз. Ва ҳаммасини тўғри қиляпмиз. Балки 150 йилга ҳам етказиш мумкиндир. Лекин, биринчидан, бу худди пул каби ҳамиша кам бўлади. Ҳар доим», деди Путин.

«Менимча асосий масала қанча йил яшаш эмас, асосий масала қандай, нега ва нима мақсадда яшаш эканида. Бу саволларга эса бизнинг анъанавий қадриятларимиз жавоб беради», деб қўшимча қилди Россия президенти.

Шу йил сентябр ойида Хитой раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путин Пекинда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад олдидан замонавий технологиялар ёрдамида умр кўриш давомийлигини узайтириш имкониятларини муҳокама қилган эди. Жумладан, Си «Башоратларга кўра, бу асрда 150 ёшгача яшаш имконияти бор», деди.

Путин 72 ёшда. Унинг бешинчи президентлик муддати 2030 йилда тугайди, аммо 2020 йилда Россия Конституциясига киритилган ўзгартиришлар туфайли у олтинчи президентлик муддатига эга ва 2036 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид