Жаҳон | 13:41 / 20.11.2025
4737
3 дақиқада ўқилади

Исроил яна Ғазога ҳужум қилди: 28 киши ҳалок бўлди

Исроил армияси, сулҳга қарамай Ғазо бўйлаб уюштирган ҳужумлари натижасида 28 киши, жумладан 9 нафар бола ҳалок бўлди. IDF ҳужумларни Исроил аскарларига «бир нечта» ўқ узилганига жавоб, деб баҳолади. Ҳамас эса АҚШни – «сулҳга риоя қилиши» учун Исроилга жиддий босим ўтказишга чақирди.

Фото: Reuters

19 ноябрь куни Исроилнинг Ғазо бўйлаб уюштирган ҳужумлари камида 28 фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлди. Бу Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳ кучга кирганидан бери зўравонликнинг навбатдаги кучайишидир, деб ёзмоқда CNN.

Ғазодаги соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, чоршанба кунги ҳужумларда ҳалок бўлганлар орасида тўққиз нафар бола ҳам бор. Камида яна 77 киши жароҳатланган.

Ғазодаги Ал-Аҳли Баптист касалхонаси мажмуасида олинган лавҳаларда ҳужумлардан жароҳатланганларни олиб келаётган тез ёрдам машиналари кўринади. Касалхона ичидаги ўликлар солинган қоплардан бирида эса чанг босган ҳолда ётган уч нафар болаларнинг жасади бор.

Фото: Getty Images

Ғазо Фавқулодда хизматларига кўра, чоршанба куни энг кўп қурбон бўлган ҳужум Зайтун маҳалласида содир бўлган: у ерда жами 10 киши ўлдирилган.

Томонлар бир-бирини айбламоқда

Исроил томони Хон Юнусда фаолият юритаётган IDF аскарларига «бир нечта» ўқ узилганидан сўнг Ҳамас нишонларига ҳужумлар уюштирилганини айтди. Бироқ унда Исроил кучларидан ҳеч бири жароҳатланмаган. IDFнинг билдиришича, «бу ҳаракат сулҳ келишуви бузилиши ҳисобланади»,

Ҳамас бу ҳужумларни «хавфли эскалация» деб қоралади ва Исроилнинг баёнотини рад этди. Ҳамасга кўра, Исроил «давом этаётган жиноятларни оқлашга» уринмоқда. Ҳамас, шунингдек АҚШни Исроилга «сулҳга риоя қилиш ва тажовузни тўхтатишга» мажбур қилиш учун зудлик билан, жиддий босим ўтказишга чақирди.

Ҳужумлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазо бўйича АҚШ резолюциясини маъқуллаганидан атиги бир неча кун ўтиб содир бўлди.

Фото: Reuters

Бундан ташқари, кеча Исроил жанубий Ливанда Ҳизбуллоҳга тегишли деб айтилган қурол омборларига ҳам авиазарбалар берган. Икки кун олдин Ливандаги фаластинлик қочқинлар лагерига берган зарбаси натижасида эса 13 киши вафот этганди.

Ғазодаги ушбу ҳужумлар сулҳ келишуви кучга киргандан бери учинчи йирик эскалация бўлди. Сулҳдан кейинги икки ҳужумда Исроил тахминан 150 нафар фаластинликни ўлдирган. Ундан олдинроқ уч нафар Исроил аскари ўлдирилганини айтганди.

Ушбу эскалацияларга қарамасдан, ҳозирча Ғазодаги сулҳ асосан сақланиб турибди.

Трамп маъмурияти, бошқа воситачилар билан бирга, Ғазода тинчлик бўйича сулҳнинг кейинги босқичлари устида ишламоқда. Бунга Ҳамаснинг қуролни ташлаши, халқаро хавфсизлик кучларининг жойлаштирилиши ва Исроилнинг тўлиқ чекиниши киради. Аммо кўплаб кузатувчилар сулҳ бу босқичга етмасдан туриб қулашидан қўрқмоқда. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид