Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туризм соҳаси учун янги имтиёзлар ва субсидиялар эълон қилинди
Туристик стартапларга 1 млрд сўмгача субсидия ажратилади. Меҳмонхоналарга “яшил” сертификат олиш харажатларининг ярмини давлат қоплаб беради. Халқаро тадбирлар ўтказиб, камида 100 нафар чет эллик сайёҳни олиб келган компанияларга тадбирлар учун тўланган ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади. Туристик мақсадда импорт қилинган автобус, микроавтобус ва экстремал сайёҳат машиналари бождан озод этилади. Энг нуфузли брендлар билан келишган ҳолда меҳмонхона қураётган тадбиркорлар ҳам божхона имтиёзларини олади.
Фото: Kun.uz
Президент қарори билан, туризмни ривожлантириш бўйича янги чоралар белгиланди.
2026 йил 1 мартдан бошлаб, Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
- туристик стартапларни – янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади;
- меҳмонхоналарнинг “яшил” сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади (халқаро эътироф этилган сертификатлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди);
- 2026 йил 1 апрелдан бошлаб халқаро конференциялар ва тадбирларни (MICE туризм) ташкил қилиб, унга камида 100 нафар чет эллик туристни жалб қилган тадбиркорлик субъектларига ушбу тадбирларни ташкил қилишда улар томонидан тўланган ҚҚС суммаларининг 50 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади.
2027 йил 1 январга қадар, тегишли тартибга риоя қилган ҳолда:
- туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади; автобус, электробус ва микроавтобусларнинг сонидан қатъи назар, уларга битта сертификат беришга рухсат берилади;
- Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга туроператорларга, истисно тариқасида, экстремал турларни ташкил қилиш учун двигател ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божи ва утилизация йиғимини амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.
2030 йил 1 январга қадар “Brand Finance” компаниясининг топ-50 талик рейтингига кирувчи брендни жалб қилган ҳолда бренд билан дастлабки келишувларга эга меҳмонхона қурилишини бошлаган тадбиркорлик субъектлари меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлашда мазкур бренднинг талабига мувофиқ олиб келадиган асбоб-ускуналар, техника, транспорт воситалари, мебел ва инвентарлар учун божхона божини тўлашдан озод этилади.
Туризм қўмитаси, шунингдек, Ўзбекистонда ўз филмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларнинг бир қисмини қайтаришни (Rebate) мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи деб белгиланди. Бунда, хорижий кинокомпанияларнинг харажатлари:
- 3 миллиард сўмгача бўлса – 10 фоиз;
- 3 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача бўлса – 15 фоиз;
- 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлса – 20 фоиз;
- 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлса – 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 4 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб, нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан музокаралар ўтказган ҳолда, Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан филмларнинг бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикаси туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатларини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ўз павильонларида ёки компьютер графикаси ёрдамида) учун ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.
Мавзуга оид
09:50 / 04.12.2025
Ўзбекистон Гоа билан туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўймоқда
16:06 / 27.11.2025
Ўзбекистонда туризм орқали 19 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди
14:30 / 26.11.2025
Кексалар учун туризм ойлиги: Ўзбекистонда меҳмонхона, транспорт ва музейлар учун чегирмалар берилмоқда
18:02 / 25.11.2025