Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда содир бўлган даҳшатли ЙТҲда 5 киши вафот этди
“Тошкент-Термиз” автомобил йўлининг Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган қисмида Lacetti йўлни кесиб ўтаётган Isuzu юк машинасига бориб урилган. Тўқнашувдан сўнг ёнғин чиққан ҳамда Lacetti ҳайдовчиси ва 4 йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Isuzu ҳайдовчиси бир йил давомида 44 марта қоидабузарликлар содир қилгани аниқланди.
Фото: Видеодан кадр
Жиззахда инсонлар ўлими билан боғлиқ мудҳиш ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ кеча, 21 ноябр куни соат 23:40 ларда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудида, М-39 “Тошкент-Термиз” автомобил йўлининг 989-км.да содир бўлган. 22 ёшли ҳайдовчи ўз бошқарувидаги Isuzu автомобилини “Тошкент–Самарқанд” йўналишида жойлашган “метан-заправка”дан бошқариб чиққан. Сўнгра йўлни кесиб ўтаётганда “Самарқанд-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган, 23 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti Isuzu’га урилган.
Тўқнашувдан сўнг Lacetti’да ёнғин чиққан. ЙТҲ оқибатида Lacetti машинаси ҳайдовчиси ва 4 йўловчиси воқеа жойида вафот этган.
Isuzu ҳайдовчиси бир йил давомида 44 марта қоидабузарликлар содир қилгани аниқланган.
Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, Isuzu ҳайдовчиси ўрнатилган 2.4 “Йўл беринг” ва 4.1.2 “Ҳаракатланиш ўнга” йўл белгиси талабларига бўйсунмасдан, белгиланмаган жойдан Тошкент йўналишига бурилиш учун йўлнинг қатнов қисмига чиққан.
Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда Damas-2 ва Onix тўқнашуви оқибатида бир киши вафот этганди.