Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманганда ЙПХ ходими машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди
Давлатобод туманида Onix машинасини тегишли ҳужжатларсиз бошқариб бораётган ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, ЙПХ ходими Ваҳобжон Мўминовни катта тезликда уриб кетган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида машина ҳаракати чекланиб, ҳайдовчи қўлга олинган. Оғир тан жароҳати олган ходим вафот этган.
Фото: ИИВ
Наманган вилоятида ЙПХ ходими машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов таъзия хабарида маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳолат 21 ноябр куни соат 23:00 ларда содир бўлган. ЙПХ ходимлари томонидан Давлатобод тумани ҳудудида ҳаракатланиб келаётган Onix машинасига тўхташ ишораси берилган. Бироқ тегишли ҳужжатга эга бўлмаган ҳайдовчи ходимларга бўйсунмасдан қочишга уринган.
Шу вақтда рация орқали олдинроқда хизмат олиб бораётган катта сержант Ваҳобжон Мўминовга мазкур машинани тўхтатиш чорасини кўриш юзасидан хабар берилган. Ваҳобжон Мўминов ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган вақтда ҳайдовчи юқори тезлик билан ходимни уриб юбориб, унга оғир тан жароҳати етказган.
Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида транспорт воситасининг ҳаракати чекланиб, ҳайдовчи қўлга олинган. Катта сержант Ваҳобжон Мўминов шифохонага олиб борилган вақтда вафот этган.
“Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва кўп сонли шахсий таркиби Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ йўл-патрул хизмати катта инспектори катта сержант Мўминов Ваҳобжон Абдувалиевичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади”, дейилади таъзия хабарида.
Икки қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлган 42 ёшли Ваҳобжон Мўминов 2007 йилдан ички ишлар органларида хизмат қилиб келган.