Жамият | 10:25 / 24.11.2025
15345
2 дақиқада ўқилади

Бухорода бир оиланинг 4 аъзоси ис газидан вафот этди

Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида эр-хотин ва уларнинг икки фарзанди жонсиз ҳолда топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг ўлимига номаълум этиологик заҳарланиш сабаб бўлган. Оила бошлиғи ИИБ ходими, аёли эса маҳалла раиси бўлган.

Фото: Kun.uz 

Бухорода ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га билдиришича, ҳолат 2025 йил 23 ноябр куни Бухоро шаҳрининг Ҳамза кўчасидаги кўп қаватли уй хонадонларидан бирида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 43 ёшли эркак, 40 ёшли турмуш ўртоғи ҳамда уларнинг 2 нафар вояга етмаган қизи вафот этган.

Судга оид тиббий эксперт мутахассисларининг дастлабки маълумотига кўра, ўлим ҳолатларига номаълум этиологик заҳарланиш оқибатида ўткир нафас ва юрак-қон томир фаолияти етишмовчилиги сабаб бўлган.

Kun.uz’нинг аниқлик киритишича, оила бошлиғи О.Э ички ишлар ходими бўлган. Турмуш ўртоғи эса маҳалла раиси лавозимида ишлаган. Уларнинг ўғиллари ўша куни бувисининг уйига меҳмонга кетгани туфайли тирик қолган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшируви олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда ички ишлар ходими ва унинг вояга етмаган қизи ис газидан вафот этганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид