Ўзбекистон | 19:48 / 24.11.2025
51031
7 дақиқада ўқилади

“Сиздан угина, биздан бугина”. Нега Афғонистонга электр етказиб берамиз?

Бир неча кун олдин Тошкентда Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 2026 йилда ҳам давом эттириш бўйича битим тузилди. Бу янгиликка тармоқ фойдаланувчилари турлича муносабат билдиришди. Хўш, бу келишув замирида икки томон учун қандай манфаатлар бор?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Электр ёки газ билан боғлиқ хабарларга ўзбекистонликлар анчагина таъсирчан. Бу борадаги янгиликлар, имзоланган шартномалар-у, олди-сотдилар ҳамиша жамоатчилик диққат-эътиборида бўлиб келади.

Масалан, бир неча кун олдин Тошкентда “Ўзэнергосотиш” ва DABS компаниялари ўртасида Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 2026 йилда ҳам давом эттириш бўйича битим тузилди. Бу янгилик остида “ўзимизда свет йўқ, афғонларга нега сотяпмиз?”, “хавсизлик нуқтайи назаридан шундай қилишга мажбурмиз” деган мазмундаги изоҳларни кўриш мумкин.

Аммо охирги йиллардаги вазиятни чуқурроқ таҳлил қилсак, ҳолат бир қарашда пайдо бўладиган мулоҳазалардан анчайин фарқ қилади.

Бу хайрия эмас, тижорий битим

Афғонистонга электрни текинга бермаяпмиз, бунинг учун улар пул тўлашади. Ҳа, тўловлар бўйича кечикишлар ва муаммолар бўлган. “Толибон” марказий ҳокимиятни эгаллагач, дастлабки босқичда оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қолганди. Мамлакатнинг 9,4 млрд доллардан иборат давлат захиралари АҚШ томонидан музлатиб қўйилди. Натижада Афғонистонга электр экспорт қилувчи қўшни давлатлар билан тўловларни амалга оширишда муаммолар пайдо бўлди.

Расмий Кобул электрга бўлган ички эҳтиёжнинг ярмидан кўпроқ қисмини Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан импорт ҳисобига қоплайди. Бунинг учун тўловлар масаласида кейинги йилларда вазият яхшиланган. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, Афғонистон етказиб берилган электр энергияси учун Ўзбекистон олдидаги тўлов мажбуриятларини тўлиқ бажаряпти. Олдинги ҳукуматнинг қарзларини ҳам ҳозирги ҳукумат тўлиқ тўлаган. Пули-Хумри электр узатиш линиясини қуриш якунлангач, электроэнергия экспорти бир неча каррага ошиши ҳам мумкин экан.

Ўзбекистонда электр энергияси профицити

Энергетика вазирлигига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси етишмовчилиги масаласида муаммо қолмаган. Охирги йилларда қурилган ўнлаб электр станциялари ҳисобига, генерация қилинаётган энергия ички эҳтиёжни тўла қондира олади. Свет ўчишлари эса, расмийлар изоҳига кўра, ток етишмовчилигидан эмас: эскирган тармоқлар баъзи вақтларда мавжуд юкламани кўтара олмай қоляпти. Тармоққа юклама максимал кўрсаткичга яқинлашганда, тақсимлаш пунктлари ишдан чиқмаслиги учун ҳудудий электр корхоналари таъминотни узиб қўйишга мажбур бўлади. Ҳар ҳолда, расмий изоҳ шундай.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ўтган ойдаги матбуот анжуманида айтишича, 40 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлатиб келинаётган, яъни ўтган асрнинг 80-йилларидан бери янгиланмаган тармоқларнинг улуши 35 фоизни ташкил этади. Улар ҳозиргидек кўплаб уйларда кондиционер ва бошқа электр жиҳозлари бўлишига, саноат корхоналари сонига мўлжалланмаган. Тармоқларни босқичма-босқич янгилаш учун ҳар йили катта миқдорда маблағ ажратиб келиняпти.

Янги қурилаётган станциялар ҳисобига электр энергияси профицити йилдан йилга ортиб бориши кўзда тутилган. Шу сабабли Ўзбекистон Қозоғистон ва Озарбойжон орқали Европага яшил энергия экспорт қилиш устида ҳам ишлаяпти. Бунинг учун ушбу учала давлат ўртасида тегишли келишувлар ҳам имзоланган. Яъни яқин йиллардан бошлаб Ўзбекистон нафақат қўшни давлатларга, балки олис Европага ҳам ток сота бошлайди.

“Сиздан угина, биздан бугина”

Афғонистон – Ўзбекистон ташқи сиёсатида иқтисодий нуқтайи назардан муҳим ўрин тутади. Буни бир қанча омиллар билан изоҳлаш мумкин.

Биринчидан, қўшни республикадаги энергетика лойиҳаларига Ўзбекистон томони ҳам фаол жалб қилина бошланди. Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг маълум қилишича, Афғонистон ҳукумати ўзбек компанияларига ўз ҳудудида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва углеводородларни қазиб олиш учун лицензия берган. Жорий йилнинг сентябр ойида Тути-Майдон газ конини ўзлаштириш ишларининг бошланиши бу борадаги илк қадамлардан бири бўлди. Келгусида газ, нефт ва кўмир бўйича қўшма энергетик лойиҳалар ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланиши мумкин.

Иккинчидан, Афғонистон ҳудуди – Ўзбекистоннинг энг муҳим транспорт-транзит йўлакларидан биридир. Расмий Тошкент учун тўғридан тўғри денгизга чиқиш йўлининг йўқлиги қўшни давлатлар орқали ўтадиган логистик инфратузилмаларга қарамликни оширади. Шу нуқтайи назардан, Афғонистон орқали Покистон портлари – Карачи, Гвадар ва бошқа халқаро денгиз терминалларига чиқиш имконияти стратегик аҳамият касб этади. Трансафғон темирйўли, Термиз логистика маркази, Сурхон–Пули Хумри электр тармоғи каби лойиҳалар Ўзбекистоннинг жанубга йўналган транспорт инфратузилмасини кенгайтиришга хизмат қилади.

Учинчидан, дори-дармон, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик ва маиший техника каби маҳсулотлар бўйича Афғонистон Ўзбекистоннинг энг барқарор ва географик жиҳатдан қулай экспорт бозорларидан бири саналади. Йирик логистика марказларининг очилиши ва чегараолди савдо зоналарининг кенгайиши икки давлат ўртасидаги савдони янада кучайтирди. Масалан, охирги 5 йилда ўзаро савдо ҳажми қуйидагича бўлган:

  • 2021 йилда – 655 млрд доллар;
  • 2022 йилда – 760 млн доллар;
  • 2023 йилда – 867 млн доллар;
  • 2024 йилда – 1 млрд 148 млн доллар;
  • 2025 йилнинг 10 ойида – 1 млрд 317 млн доллар.

Жорий йилдаги савдо айланмасининг қарийб 90 фоизини Ўзбекистоннинг экспорти ташкил этади. Умуман олганда, Афғонистон қўшни мамлакатлар ичида Қозоғистондан кейинги энг катта савдо шеригимиз ҳисобланади.

Банд одам урушга чиқмайди”

Бир неча йил олдин энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Афғонистонга электр энергияси экспортига изоҳ бераркан, шундай деган эди:

Уларга электр энергияси етказиб берсак, уйида чироқ бўлади, бирор бир ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Ишлаб чиқариш билан банд бўлган одам, қўпол қилиб айтганда, қурол кўтариб урушга чиқмайди”.

Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслиги ўз исботини топиб улгурди. Минтақада барқарор хавфсизлик ва савдо алоқаларини таъминлашнинг ягона йўли – мамлакатни сиёсий-иқтисодий модернизация қилиш. Тарихан ҳам, Кобул ва Қандаҳор ҳар доим Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо алоқаларининг асосий нуқталаридан бири бўлиб келган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати “Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисми” концепциясини ҳаётга чуқурроқ татбиқ этиш устида ишлаяпти. Яъни ушбу лойиҳа Афғонистоннинг ҳудудий бирликларини ўзаро боғлаш билан бир қаторда, мамлакатдаги ишсизлик муаммосини камайтиради, инфратузилма яратилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳам Афғонистонга экспорт имкониятлари кенгайиб боради.

Мавзуга оид