Жамият | 09:33 / 26.11.2025
3112
2 дақиқада ўқилади

Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юристконсулти 4 минг доллар билан ушланди

Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юристконсулти суднинг тадбиркор фойдасига қабул қилган ҳал қилув қарорига апелляция бермаслик эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган. У Давлат хавфсизлик хизмати ва Департамент ходимлари томонидан 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро 2022 йил октябр ойида маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш мақсадида Яшнобод туманида жойлашган 80 квадрат метр ер майдонини E-auksion дастури орқали ютиб, 49 йил муддатга ижарага олган.

Турли сабабларга кўра қурилиш ишлари тўхтаб қолгани ва ер майдонидан узоқ муддат фойдаланилмагани боис, 2025 йил сентябр ойида Яшнобод тумани ҳокимлиги томонидан ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақида фуқаролик судига даъво аризаси киритилган.

Бироқ тадбиркор томонидан асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилгач, суд ишни унинг фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилган.

Суд жараёнларида даъвогар сифатида қатнашган Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юристконсулти эса ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бермаслик эвазига тадбиркордан 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, бош юристконсулт тамагирлик йўли билан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид