Жамият | 16:28 / 28.11.2025
23624
3 дақиқада ўқилади

Real Sanjik қамоққа олинди

У ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, шунингдек, гиёвандлик воситалари тайёрлаш ва сақлашда гумонланмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ижтимой тармоқларда Real Sanjik тахаллуси билан танилган Санжар Каримов қамоққа олинди.  

Олий суд матбуот хизматига кўра, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 28 ноябрдаги ажрими билан Санжар Каримовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. У ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ҳамда гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилишда гумонланмоқда.

«Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосарининг Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми ва 25,273-моддаси 2-қисми назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган С. К. (эркак, 1990 Наманган вилоятида туғилган, "Финанс инвест" КСБ таъсисчиси, ижтимоий тармоқларда Real Sanjik тахаллуси остида танилган)га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди.

Суднинг 2025 йил 28 ноябрдаги ажрими билан Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, айбланувчи С. К.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди», дейилади хабарда.

Қочоқ “куёв” ва алданган “келин” иши

Тошкентда яшовчи Жамила Олимбоева йигити Шаҳзод Рисматовни фирибгарликда айблаганди. У Рисматов алдов йўли билан уйини Санжар Каримовга расмийлаштириб бериб, эвазига Каримовдан қарзга пул олганини маълум қилган.

Олимбоеванинг ушбу даъвосидан сўнг Санжар Каримов уйни эгаларидан 240 минг доллар нақд тўлов эвазига сотиб олганини айтиб чиқди.

“Бу можарога алоқам йўқ. Уйни ўз пулимга сотиб олдим. Агар уларнинг бизнеси муваффақиятсизликка учраган бўлса, бунинг менга нима алоқаси бор? Мен 240 минг доллар тўлаганман. Мен уйни уларга ёрдам бериш истагида сотиб олдим”, деганди Санжар Каримов.

2025 йил 21 ноябр куни ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида Шаҳзод Рисматовга оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланди. Суд ҳукмига кўра, Шаҳзод Рисматов жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбли деб топилди ва унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ишни кўрган судя алоҳида ажрим чиқариб, Санжар Каримовнинг бу фирибгарлик ишидаги иштирокини текшириш ва хатти-ҳаракатининг қонунийлигига баҳо бериш учун Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига хабарнома юборганди.