Ўзбекистон | 17:31 / 04.12.2025
12681
4 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда чўчқахона эгалари ҳавони ифлослаб келгани аниқланди

Самарқандда “йиллик даромади” бир миллион сўм ҳам бўлмаган корхона табиатга миллиардлар билан ҳам тиклаб бўлмайдиган зарар келтирди. “Тадбиркор” очилмас деворлар ортида чўчқа боқиб, уларнинг озуқасини тайёрлаш учун ҳар кеча автомобил шиналарини ёқиб келган.

Фото: Паст Дарғом тумани ҳокимлиги

Паст Дарғом туманидаги Камолот маҳалласи аҳли кечаси тарқаладиган ноодатий тутундан азият чекиб келган. Тутун қуюқ, ҳиди ўткир, атрофдаги ҳаво тун бўйи кетмайдиган даражада ифлосланган.

Маҳалла ва жамоатчиликнинг мурожаатидан сўнг, туман ҳокимлиги ҳудудда ўрганиш олиб борган.

Маълум бўлишича, “Исмоил Захро” МЧЖ автомашина баллонларини ёқиб, чорва моллари учун емиш тайёрлаб келган. Самарқанд шаҳрининг “Супер” ҳудудига яқин жойдаги бу ҳолатдан шаҳар аҳолиси ҳам азият чеккан.

Паст Дарғом тумани ҳокими ўринбосари Азиз Ғафуровнинг Kun.uz’га маълум қилишича, тадбиркор бу ҳудудни тўлиқ ёпиб олган, бир неча ой давомида ишчи гуруҳни ичкарига киритмаган. 3 декабр куни ўтказилган ўрганишга мутасадди ташкилотларнинг барчаси жалб этилган. Натижада, 40 сотихли ёпиқ ҳудудда тадбиркор чўчқа боқиб келаётгани аниқланган.

Туман ҳокимлиги бу ҳолат тезкорлик билан тўхтатилгани ва тегишли шахсларга нисбатан белгиланган тартибда ҳуқуқий чоралар кўрилишини билдирди.

Вилоят экология бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шерали Искандаровга кўра, тадбиркор 2 йил давомида бу ерда чўчқа боқиб келган. Ҳайвонларга озуқа тайёрлаш мақсадида кечаси машина баллонларини ёққан. Бизнес омбудсманга хат билан мурожаат ва ташкилот жавоб хатига асосан, тадбиркорга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, корхона ушбу турдаги фаолият билан шуғулланиш учун экология органи ва санитария-эпидемиология марказидан рухсат олмаган.

Kun.uz манбасига кўра, чўчқаларни озиқлантириш эвазига ҳавони ифлослантириб келган “Исмоил Захро” МЧЖнинг 2024 йилдаги расмий айланмаси 400 минг сўм, 2025 йилда эса 1 млн сўм бўлган. Корхонанинг солиқ қарздорлиги эса 60 миллион сўмдан ортиқ.

Бундан ташқари, «Исмоил Захро» МЧЖ Паст Дарғом туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 12 июндаги қарори билан банкрот деб эълон қилинган, бир муддатдан сўнг қарзларни тўлаб, яна фаолиятини давом эттирган.

Паст Дарғомдаги заҳарли тутун воқеаси фақат тадбиркорнинг ҳуқуқбузарлиги эмас, балки тизимли назорат ва мониторингнинг сустлигини ҳам кўрсатади. “Исмоил Захро” МЧЖ банкротликдан сўнг қайта фаолият бошлаган ва кейинги йилларда ҳам ёмон иқтисодий кўрсаткичлар билан ишлаган. Бу маълумотлар солиқ айланмаларида очиқ акс этган бўлса-да, масъул идоралар томонидан таҳлил қилинмаган ва яширин фаолият йиллаб давом этган.

Ушбу ҳолат одамни мулоҳазага чорлайди. Корхона йиллаб ҳавони заҳарлаб келган, очиқдан очиқ баллонларни ёққан бўлишига қарамай, негадир масъул ташкилотларнинг эътиборини тортмаган. Токи фаоллар ҳолатни тасвирга олиб жамоатчиликка ошкор қилмагунча ёки ҳудуддаги аҳоли эътироз билдирмагунча чўчқахонанинг эшиклари очилмаган. Наҳотки, шундоқ ҳам “қора тарихи” бўлган жамиятнинг фаолияти бирор бир масъул ташкилот томонидан таҳлил қилинмаган? Солиқ қарздорлиги 60 миллиондан ортиқ корхонанинг йиллик даромади 1 млн сўм экани наҳотки шубҳали бўлмаган?

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид