Соғлом ҳаёт | 17:09 / 04.12.2025
2132
6 дақиқада ўқилади

Йўтални дориларсиз кетказиш мумкинми?

Нафас йўлларига ёт жисм, микроб, чанг ёки аллергенлар кириб қолганида организм уларни чиқариб ташлаш учун йўтал рефлексини ишга туширади. Аслида у алоҳида касаллик эмас, тананинг ўзини ҳимоя қилиш механизми, зарарли моддалардан тозаловчи табиий реакцияси ҳисобланади. Агар йўталнинг сабаби оғир бўлмаса, организм кўп ҳолларда дориларсиз ҳам мустақил курашади. Тўғри парвариш, нам ҳаво, кўпроқ суюқлик ичиш ва нафас йўлларини тинчлантирувчи оддий чоралар йўтални препаратларсиз енгиллаштириши мумкин.

Фото: Freepik

Қайси турлари дори талаб қилади, қайси бири йўқ?

Қуруқ йўтал: вирусли инфекциялардан кейин пайдо бўладиган, балғамсиз ва тинмай безовта қиладиган йўтал туридир. Шамоллаш ёки грипп кузатилганда нафас йўлларининг ички қавати яллиғланади ва асаб учлари ўта сезгир ҳолга келади. Инфекция ўтиб кетган бўлса ҳам тирналган асаб учлари дарров тикланмайди. Уларнинг “тиниши” учун бироз вақт керак бўлади. Шу сабабли қуруқ йўтал бир неча ҳафта давом этиши табиий. Бу ўзи алоҳида касаллик эмас, шунчаки нафас йўллари ҳали тўлиқ соғаймагани учун пайдо бўладиган рефлексив ҳолат саналади. Кўп ҳолларда у дорисиз ҳам аста-секин йўқолади.

Қуруқ йўтал балғам чиқармайди. У кечаси кучаяди. Айрим ҳолларда бўғизда қичишиш ҳисси, овознинг бироз ўзгариши ёки уйқунинг бузилиши ҳам кузатилади. Вирусдан кейинги бу йўтални енгиллаштириш учун организмга қулай шароит яратиш муҳим: хона ҳавосини нам ҳолатда сақлаш, кўп суюқлик ичиш, овозни дам олдириш ва бўғизни тузли сув билан чайиш керак.

Нам йўтал: тананинг нафас йўлларини тозалаш механизми ҳисобланади. Балғам билан бирга кечади. Балғамни ташқарига чиқариш организм учун фойдали бўлгани сабабли уни бутунлай тўхтатиб қўядиган дорилар фойда ўрнига зарар етказиши эҳтимоли мавжуд. Бундай ҳолатда асосий вазифа балғамни суюлтириш, унинг осон чиқишини таъминлашга йўналтирилиши зарур. Кўп суюқлик ичиш, хона намлигини ошириш, илиқ буғ ингаляцияси каби чоралар етарли бўлади. Фақат балғам жуда қуюқ ёки йўтал кучли бўлса, шифокор махсус балғам суюлтирувчи препарат тавсия қилиши мумкин.

Аллергик йўтал: балғамсиз бўлади, қичишиш, аксириш, бурун битиши ёки кўз ёшланиши билан кечади. Дорисиз ҳам вақтинча енгиллашади, аммо аллерген билан алоқа давом этса, йўтал қайта-қайта такрорланади. Бундай ҳолатда асосий ечим аллергенни аниқлаб, ундан узоқлашишдир. Баъзан антигистамин дорилар ёки шифокор тавсиясига кўра аллергияга қарши аэросол, спрейлардан фойдаланиш талаб қилинади. Аммо асосий муаммо бартараф этилмаса, йўтал давом этаверади.

Сурункали йўтал (2–3 ҳафтадан ортиқ давом этадиган): у яширин касаллик белгиси бўлиши мумкин. Бунда дориларсиз усуллар деярли ёрдам бермайди. Сурункали йўтал ҳар доим тиббий кўрикни талаб қилади. Шифокор рентген, спирометрия, лаборатор таҳлиллар ёки бошқа текширувлар ўтказиб, сабабга қараб мақсадли даволаш белгилайди.

Дориларсиз қандай камайтириш мумкин?

Намлик ва тоза ҳаво йўтални енгиллаштиришда энг кучли табиий воситалардан ҳисобланади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, хона ҳавоси 40–60 фоиз намликда бўлса, нафас йўллари қуримайди, балғам суюлади ва йўтал анча камаяди. Шу сабабли уйда ҳаво намлигини меъёрда ушлаб туриш жуда муҳим. Хонани кунига бир неча марта шамоллатиш, имкон бўлса ҳаво намлагич ёки шунчаки сув солинган идиш қўйиш катта ёрдам беради. Бундан ташқари, чуқур ва илиқ ҳаводан нафас олиш бўғизни тинчлантиради. Аммо буғли ингаляция тавсия этилмайди: у куйиш ёки нафас йўлларининг шишишига олиб келиши мумкин.

Кўп суюқлик ичиш йўтал даврида энг оддий, аммо самарали чорадир. Сув, илиқ чой, компот ёки табиий шарбатлар организмни намлайди, балғамни юпқалаштиради ва уни осонроқ чиқаришга ёрдам беради. Айниқса, илиқ суюқликлар томоқдаги қичишишни камайтириб, йўтал хуружларини енгиллаштиради.

Асал ЖССТ томонидан тан олинган табиий воситалардан бири бўлиб, қизилўнгачдаги асаб рецепторларини тинчлантиради ва йўтал частотасини сезиларли камайтиради. Бир чой қошиқ асални илиқ сувга қўшиб ичиш кечаси йўтал кучаядиган одамларга яхши ёрдам беради. Фақат битта муҳим қоида бор: асални 1 ёшгача бўлган болаларга бериш мумкин эмас.

Тузли сув билан оғиз ва томоқни чайқаш бўғиздаги яллиғланишни камайтиради ҳамда шишишини босади. Бу нафас олишни енгиллаштириб, йўтал даражасини пасайтириши ҳам мумкин. Айниқса, шамоллаш ёки вирусли инфекциялардан кейин фойдали бўлади.

Кўпчилик йўтал кучайганида буғли ваннага қилишни одатга айлантирган, аслида буғ ҳар доим ҳам фойда бермайди: жараёнда нафас йўллари ички шиллиқ қавати шишиб, аҳвол ёмонлашиши мумкин. Шунинг учун буғли ингаляция ўрнига шунчаки илиқ ҳаво билан чуқур нафас олиш тавсия этилади. Бу бўғиз мушакларини бўшатади ва йўтални камайтиради.

Агар йўтал аллергиядан бўлса, асосий эътибор уй гигиенасига қаратилиши лозим. Чанг тез-тез йиғиладиган жойларни ювиш, ёстиқ ва кўрпа ғилофларини алмаштириш, уй ҳайвонларидан узоқроқ юриш, ўткир ҳидли атирлар ва аерозолларни чеклаш аллергик йўтални камайтиради. Чунки аллерген билан ҳар бир алоқа йўтални қайтадан қўзғатади.

Овозни дам олдириш ҳам муҳим. Кўп гапириш, бақириш ёки баланд оҳангда суҳбатлашиш бўғизнинг қайта тирналишига олиб келади. Оқибатда йўтал кучайади. Шу сабабли касаллик даврида бўғизга ортиқча юк туширмаслик, имкон қадар сокин гапириш ёки бироз сукут сақлаш фойдали.

Қачон дорисиз усуллар ёрдам бермайди?

Қуйидаги ҳолатлар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак:

  • йўтал 2–3 ҳафтадан ортиқ давом этса;
  • нафас қисилиши бўлса;
  • юқори ҳарорат бир неча кундан ортиқ сақланса;
  • қон аралаш йўтал юзага келса;
  • кўкракда оғриқ пайдо бўлса;
  • кичик ёшдаги болаларда ҳолат тез-тез такрорланса.

Мавзуга оид