Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Когонда цехда чақнаш рўй берди, 4 киши ҳалок бўлди
2025 йил 6 декабр куни Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган «Shams LTD» МЧЖга қарашли портловчи моддалар ишлаб чиқариш цехида чақнаш (портлаш) содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 4 нафар ишчи ҳалок бўлди, яна бир неча ходим турли даражада тан жароҳати олди.
Расмий маълумотга кўра, соат 09:40 да «Мустақиллик» МФЙ ҳудудида жойлашган корхона ишлаб чиқариш цехида чақнаш (портлаш) юз берган ва натижада ёнғин чиққан. Ёнғин Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 7 та қутқарув бўлинмаси томонидан соат 10:27 да тўлиқ ўчирилган.
Маълум қилинишича, чақнаш содир бўлган пайтда омборхонада 30 нафар ишчи бўлган. Улардан 4 нафари воқеа жойида вафот этган. Енгил даражада тан жароҳати олган 4 нафар ходим шифохонага жойлаштирилган, шулардан 2 нафарига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.
«Shams LTD» МЧЖ 2019 йилдан буён Марказий Осиё ва Ўзбекистон тоғ-кон саноати корхоналари эҳтиёжлари учун янги конларни ўзлаштиришда қўлланиладиган портловчи моддаларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришга ихтисослашган корхона ҳисобланади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Саноат хавфсизлиги қўмитаси раиси А.Рафиқов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ҳукумат комиссияси тузиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди.
Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф этиш, бахтсиз ҳодиса келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Ҳозирда ёнғин содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олинган бўлиб, портлаш оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга оид
09:50 / 05.12.2025
Гулистондаги портлашдан сўнг 3 киши қамоққа олинди
18:29 / 04.12.2025
Гулистондаги портлашда ҳалок бўлганлар оиласига 100 млн сўмдан берилади
21:40 / 03.12.2025
“Ёнғин пайти ошхонада одам кўп эди” – Гулистондаги портлаш жойидан репортаж
17:48 / 03.12.2025