Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андрей Бабиш яна Чехия бош вазири бўлди
Чехия президенти Петр Павел миллиардер Андрей Бабишни манфаатлар тўқнашуви масаласини ҳал этгани ва ўзига тегишли Agrofert концернидан воз кечганидан сўнг бош вазир лавозимига қасамёд қилдирди. Бабишнинг ANO партияси октябр ойида бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган эди.
Фото: REUTERS
Парламент сайловларидан икки ойдан ортиқ вақт ўтгач, Чехияда бош вазир лавозимига яна ўнг популист Андрей Бабиш қайтди. Сешанба, 9 декабр куни Чехия президенти Петр Павел Прага қалъасида (Пражский Град) бўлиб ўтган тантанали маросимда аввал молия вазири ва ҳукумат раҳбари лавозимларини эгаллаган 71 ёшли миллиардерни қасамёд қилдирди.
Қисқа чиқишида Бабиш фуқароларни қўллаб-қувватлашини ва улар манфаатлари учун нафақат мамлакат ичида, балки бутун дунё миқёсида курашишини ваъда қилди. «Мен Чех Республикаси бизнинг сайёрамизда яшаш учун энг яхши жойга айланиши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан», — деди у.
Кутилишича, декабр ойи охиригача Бабиш ўз ҳукуматининг таркибини эълон қилади, у амалдаги ўнг марказчи коалиция ўрнини эгаллайди. Янги ҳукумат таркибига Россия тарафдори ва миграцияга қарши «Эркинлик ва бевосита демократия» партияси, шунингдек, Евроиттифоқнинг иқлимни муҳофаза қилиш сиёсатига қарши чиқувчи ўнг популистик «Автомобилистлар» партияси вакиллари киради.
Тайинловдан олдин кўп ҳафталар давомида сайловларда ғалаба қозонган Бабиш ва президент Павел ўртасида кураш давом этди. Давлат раҳбари миллиардердан, бир томондан, тадбиркор ва ЕИ субсидияларини қабул қилувчи, иккинчи томондан эса сиёсатчи сифатидаги роли туфайли юзага келган манфаатлар тўқнашувини бартараф этишни талаб қилган эди. Декабр бошида Павел, Бабиш ўзининг мамлакатдаги энг йирик кўп тармоқли концерни Agrofert’дан воз кечганидан сўнг, низо ҳал этилганини маълум қилди.
«Андрей Бабишнинг аниқ ва тушунарли ёндашувини қадрлайман, у бизнинг келишувимизни бажарди ва манфаатлар тўқнашувини қандай ҳал этганини омма олдида эълон қилди. Шу муносабат билан мен уни сешанба, 9 декабр куни соат 9:00 да бош вазир лавозимига тайинлашга қарор қилдим», — деб ёзди Павел.
Бундан олдин Бабиш X (аввалги Twitter) саҳифасида видео жойлаштириб, у ерда президент қўйган шартни бажаришини, яъни Agrofert’дан «қайтариб бўлмас даражада воз кечишини» маълум қилди. Миллиардер, шунингдек, сиёсатдан кетганидан кейин ҳам бу корхона устидан бошқарувни ўз қўлига қайтариб олмаслигини қўшимча қилди. Бабишнинг сўзларига кўра, 250 дан ортиқ компанияни бирлаштирувчи концернни мустақил шахслар бошқаради, унинг ўлимидан сўнг эса компанияни унга фарзандлари мерос қилиб олади.
Октябр ойи бошида бўлиб ўтган парламент сайловларида энг кўп овозни (34,51 фоиз) Бабиш раҳбарлик қиладиган ўнг «Норозилар ҳаракати» (ANO) партияси тўплади. Бундан аввал у 2014–2017 йилларда Чехия молия вазири, 2017–2021 йилларда эса бош вазир бўлган, сўнгги йилларда эса мухолифатда қолган эди.
Ноябр ойида ANO яна икки ўнг партия — аъзоларидан бирига ирқчиликда айбловлар қўйилаётган «Автомобилистлар» ҳамда парламентнинг янги спикери Томио Окамуранинг «Эркинлик ва бевосита демократия» партияси билан коалиция келишувини имзолади. Уч сиёсий куч вакиллари биргаликда қонун чиқарувчи палатадаги 200 ўриндан 108 тасини эгаллади.
Мавзуга оид
12:09 / 05.12.2025
Чехия президенти Андрей Бабишни бош вазир этиб тайинлайди
21:08 / 20.11.2025
Чехияда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
16:36 / 08.11.2025
Чехияда янги спикер парламент биносидан Украина байроғини олиб ташлади
08:46 / 04.11.2025