Жаҳон | 15:04 / 10.12.2025
1498
2 дақиқада ўқилади

Япония Politico хабарига раддия берди: «ЕИ режасига қарши эмасмиз»

Politico нашрида Токио гўё Украинага ёрдам бериш мақсадида музлатилган рус активларидан фойдаланиш бўйича ЕИ режасини қўллаб-қувватламагани ҳақида чоп этилган хабар ҳақиқатга тўғри келмайди, деб маълум қилди Япония Молия вазирлиги.

Фото: AP

Япония ҳукумати ОАВда тарқалган, Токио гўё Евроиттифоқнинг музлатилган рус активларидан Украинани молиялаштириш учун фойдаланиш режасига қўшилиш ҳақидаги таклифни рад этгани тўғрисидаги хабарларни инкор этди. «Бу мутлақ ёлғон», — деди молия вазирининг халқаро масалалар бўйича ўринбосари Ацуши Мимура сейшанба, 9 декабр куни Politico нашри хабарига изоҳ берар экан.

Reuters агентлиги келтирган ўринбосарнинг сўзларига кўра, Япония Киевни қўллаб-қувватлаш бўйича қарорларни ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилади, чунки мамлакат бир куни Шарқий Осиёда шунга ўхшаш вазиятга дуч келиши мумкин.

Аввалроқ Politico онлайн-нашри муҳокамалар бориши билан таниш бўлган икки европалик дипломатга таяниб, "катта еттилик" (G7) мамлакатлари молия вазирларининг 8 декабрдаги учрашувида Япония ўз ҳудудида музлатиб қўйилган тахминан 30 миллиард долларлик рус активларини Украинага "репарация кредити" бериш учун мусодара қила олмаслигини билдирди, деб хабар қилган эди. Нашр манбаларига кўра, Япония молия вазири Сацуки Катаяма бу маблағлардан юридик сабабларга кўра фойдаланишни истисно этган.

«Вазир Катаяма ҳеч қачон бундай изоҳ бермаган», — деди журналистларга Мимура. Япония Молия вазирлиги раҳбар ўринбосарининг сўзларига кўра, учрашув чоғида Катаяма Токио Украинага қўллаб-қувватлов кўрсатиш учун «аниқ қадамлар» кўришга тайёрланаётганини айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид