Жаҳон | 20:40 / 17.12.2025
2859
2 дақиқада ўқилади

Маршалл ороллари дунёда биринчи бўлиб базавий даромадни жорий этди

Маблағлар АҚШ томонидан ядровий синовлар учун тўланган компенсациялардан ажратилади.

Фото: Getty images

Маршалл ороллари базавий шартсиз даромад умуммиллий дастурини ишга туширган дунёдаги биринчи давлат бўлди. The Guardian нашрининг ёзишича, барча фуқаролар ҳар чоракда 200 долларга тенг миқдорда пул олади. Шу билан бирга, аҳоли тўловларни қандай шаклда олишни танлаши мумкин: банк ҳисобига ўтказиш, чек ёки криптовалюта.

Маҳаллий расмийларнинг сўзларига кўра, архипелаг аҳолиси биринчи тўловларни аллақачон олган. 60 фоиз ҳолатда пуллар бевосита банк ҳисоб рақамларига ўтказилган, қолган ҳолларда одамлар қоғоз чекларни олишган. Криптоҳамёнларга тўловларни олиш учун атиги 12 киши рўйхатдан ўтган.

«Биз, ҳукумат, ҳеч ким қўллаб-қувватлашсиз қолмаслигига ишонч ҳосил қилмоқчимиз. Йилига 800 доллар сизни ишдан бўшашга мажбур қилмайди, аммо бу одамлар учун ўзига хос маънавий рағбатдир», деди Маршалл ороллари молия вазири Дэвид Пол.

Базавий шартсиз даромад дастури АҚШ билан келишув доирасида ташкил этилган жамғарма томонидан молиялаштирилади. Ушбу келишув, хусусан, Маршалл оролларига америкаликлар архипелагда ўнлаб йиллар давомида ўтказган ядровий синовлари учун товон тўлашни назарда тутади. Жамғарма $1,3 млрддан ортиқ активларни бошқаради, яна $500 млн 2027 йилгача ажратилади.

Маршалл ороллари - Тинч океанидаги архипелаг бўлиб, 29 та маржон ороллари, бешта йирик ва мингдан ортиқ кичик оролларни ўз ичига олади. Мамлакатда 40 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг тахминан ярми пойтахт Мажуро шаҳрида жойлашган.

Ўтмишда айрим мамлакатлар (АҚШ, Канада, Италия, Швейцария, Финляндия, Ҳиндистон ва бошқалар) базавий шартсиз даромад бўйича экспериментал лойиҳаларни ишга туширган, аммо фақат алоҳида шаҳарлар ёки кичик ҳудудлар даражасида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид