Бельгиялик файласуф ва иқтисодчи Филипп ван Парейс талқинига кўра, базавий даромад (БД) - бу давлат томонидан унинг барча аъзоларига индивидуал асосда, ҳеч қандай шартсиз ва меҳнат стажини талаб қилмасдан тўланадиган пулдир. Бундай даромад одамни қашшоқликка тушиб қолишдан сақлаши лозим. 

БД ҳар бир одамга унинг шахсий даромади, ижтимоий мавқейи, ёши, иш жойи ва бошқалардан қатъи назар тўлаб берилади. Мана шу жиҳати билан бошқа ижтимоий тўловлардан фарқ қилади. Оддий сўз билан тушунтирганда, ҳукумат қашшоқлик чегарасини пулда белгилаб олиши ва жамиятнинг ҳар бир аъзосига ҳеч қандай шартсиз бу пулни ҳар ойда тўлаб бориши лозим. Баъзи ОАВ буни «вертолётдан пул сочиш» деб ҳам атаган. 

БД атрофидаги баҳс-мунозаралар ярим асрдан бери давом этмоқда. Бу ғоянинг тобора кўпроқ янги тарафдорлари ёки мухолифлари пайдо бўлмоқда. Лойиҳанинг иқтисодиёт ва жамиятга қандай таъсир қилишини аниқ кўрсатадиган тажрибалар ўтказилмаган. Аммо маҳаллий даражада изланишлар давом этяпти. 

Базавий даромад нега керак? Унинг тарафдорлари қандай асосларни келтирмоқда?

«Қўлингиздаги пул эркинлик қуролидир, сиз ишлаб топишга интилаётган пул эса қуллик қуролидир», - деб таъкидлаган эди Жан Жак Руссо ўзининг «Тавбалар» китобида. 

Қайсидир маънода, бу кенг қамровли иборада БД тарафдорларининг асосий аргументлари бор: агар бундай тўловлар ҳаммага берилса, инсон эркинроқ, жамият эса янада адолатли бўлади. 

Бугунги кунда ушбу ғоя иккита глобал муаммо нуқтайи назаридан муҳокама қилинмоқда. 

Биринчидан, иқтисодиётни рақамлаштириш ва ишлаб чиқаришни роботлаштириш ишсизликнинг назоратсиз ўсишига олиб келади. Янги, юқори самарадор технологияларнинг жорий этиб борилиши миллионлаб одамларни даромадсиз қолдириши мумкин. 

Иккинчидан, базавий даромаднинг жорий этилиши қашшоқлик кескин ўсишининг олдини олишга ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлардан келиб чиқадиган инқирозли ҳодисаларини юмшатишга имкон беради. 

Германиянинг Volkswagen заводидаги роботлар (drive2.ru) 

БД билан моҳиятан ўхшаш лойиҳалар тарих давомида амалга оширилган ва ҳозир ҳам татбиқ этилмоқда. 

Масалан, XVI аср ўрталарида Европада иқтисодиётни феодализмдан капитализмга ўтказиш жараёни бошланганида минглаб одамлар ишсиз қолди. Оқибатда, шаҳар ва қишлоқлар қашшоқ тиланчиларга тўлиб кетган. Фақат маҳаллий маъмурият, черков ва хайриячилар аралашуви билан камбағалларга мунтазам ва бепул асосда вақтинча пул ёки бошқача ёрдам бериш чоралари кўрилган.