Жаҳон | 09:30 / 18.12.2025
1879
2 дақиқада ўқилади

Politico: АҚШ ва РФ дам олиш кунлари Майамида музокара ўтказади

Politico манбаларига кўра, Россия ва АҚШ вакиллари Флоридада 20–21 декабр кунлари Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича қадамларни муҳокама қилади. Оқ уй эҳтимолий учрашувга изоҳ бермади.

Фото: REUTERS

Россия ва АҚШнинг расмий шахслари яқин дам олиш кунлари — 20–21 декабрда Майамида учрашиб, Украинадаги урушни тугатиш бўйича эҳтимолий қадамларни муҳокама қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Politico нашри чоршанба, 17 декабр куни мазкур масаладан хабардор икки манбага таяниб хабар берди.

Уларнинг айтишича, Россия томонидан эҳтимол Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари ва РФ президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев иштирок этади. АҚШ томонидан эса Америка президенти Доналд Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер қатнашиши кутилмоқда.

Оқ уйдан эҳтимолий учрашув бўйича ҳозирча расмий шарҳ берилмаган.

Politico таъкидлашича, режалар ҳали ўзгариб қолиши мумкин. Агар Флоридадаги алоқалар амалга ошса, Америка томони унда АҚШ, Украина ва Европа давлатлари вакиллари ўртасида Берлинда яқинда ўтган музокаралар натижаларини тақдим этишни режалаштирмоқда.

Уиткофф ва Кушнер 14–15 декабр кунлари Германия пойтахтида Украина президенти Володимир Зеленский билан урушни якунлаш масаласи бўйича музокаралар ўтказган. Кейинроқ уларга Европа қитъасидаги бир қатор етакчи давлатлар раҳбарлари, ЕИ ва НАТО раҳбарияти қўшилган.

Учрашувдан сўнг журналистлар билан мулоқотда Зеленский АҚШ тинчлик бўйича музокараларни тезроқ якунлашни хоҳлаётганини, бироқ Украина учун уларнинг сифати муҳим эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Германиядаги учрашувда томонлар тинчлик келишувининг энг мураккаб бандларига, жумладан, Украинага хавфсизлик кафолатлари бериш масаласига яқинлашган. Шу билан бирга, Киев томонидан эҳтимолий ҳудудий ён беришлар (имтиёзлар) масаласи ҳал этилмай қолган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид