Ўзбекистон | 19:35 / 25.12.2025
12158
4 дақиқада ўқилади

Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юборган судялар ишдан олинди

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғунова, шунингдек, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Муроджон Мирзажонов одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун лавозимидан озод қилинди. Уларнинг судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича 3 нафар судяси ва Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди. Судялар олий кенгаши матбуот хизмати Kun.uz’га тасдиқлашича, бу истеъфолар Акмал Шукуров иши билан боғлиқ.

Судялар олий кенгаши матбуот хизмати хабарига кўра, кенгаш қарори билан ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 79-моддаси 1-қисми 2,10-бандларига асосан Муҳтарама Маҳамадалиевна Турғунова, Одилбек Илҳомжон ўғли Илҳомжонов  ҳамда Мирзиёд Мирджололитдинович Абидовнинг судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судяси лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, президентнинг 2025 йил 25 декабрдаги фармойишига мувофиқ, Муроджон Қодирович Мирзажонов ҳам ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 79-моддаси 1-қисми 2,10-бандларига асосан судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод қилинган.

Ўз навбатида, Фарҳоджон Боқижонович Ғаниев Муроджон Мирзажонов ўрнига Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган. У шу вақтгача Андижон вилоят суди раиси лавозимида ишлаётганди.

Муроджон Абдуқоҳорович Абабакиров эса Андижон вилоят суди раиси ўринбосари ‒ жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган.

Акмал Шукуров иши

Шукуровнинг жиноий иши бешта эпизодни ўз ичига олади, энг шов-шувлиси шу йилнинг сентябр ойида Яккасарой туманидаги The Tower меҳмонхонаси олдида бир неча киши калтакланиши билан боғлиқ.

Ўшанда у тунги клуб олдида танишини ҳимоя қилишга уринган Борис Авакянга кучли зарба бериб, комага тушириб қўйган, сўнгра воқеа жойидан қочиб кетиб, кўп ўтмай Қозоғистонда қўлга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.

Жабрланувчи жиддий, ҳаёт учун хавфли жароҳатлар олган ва бош мия жароҳати билан касалхонага ётқизилган. Оиласининг хабар беришича, у шошилинч краниотомия қилинган, шундан сўнг у сунъий комага ётқизилган.

Акмал Шукуровга ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукми билан қасддан баданга оғир шикаст етказиш, фирибгарлик ва безориликда айбдор деб топилиб, 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси суди 9 декабрдаги ажрими билан 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ўзгартириб, Акмал Шукуровни дарҳол суд залидан қамоқдан озод қилиб юборди.

Бу ҳолат ОАВда шов-шувда олиб чиқилгач, 18 декабр куни жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан киритилган протест асосида тафтиш инстанциясида қайта кўриб чиқилди ва Акмал Шукуровга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, у қамоққа қайтарилди. Шундан сўнг жиноят ишини апелляцияда кўрган судяларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров