Ўзбекистон | 21:05 / 26.12.2025
1775
5 дақиқада ўқилади

2026 йил номи ва ўзбек космонавтини фазога учириш режаси – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошганини таъкидлаб, халқ меҳнати, матонати ва ёшларнинг ютуқлари юрт равнақига хизмат қилаётганини қайд этди. Давлат раҳбарининг айтишича, ўзгаришларни кутиб яшаш эмас, балки уларни ўз ақл-заковати ва масъулиятли меҳнат билан яратиш — миллатнинг куч-қудратини намоён этади.

Президент ёшларни ватанпарвар ва турли синовларга чидамли инсонлар этиб тарбиялаш, халқни янада бирлаштириш ва жипслаштиришда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳалла ва яхши қўшничилик жамиятда ижтимоий капитални бойитадиган уйғун қадриятлардир.

Шуларни инобатга олган ҳолда, президент 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилишни таклиф этди.

Президент: тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун барча чоралар кўрилади

Президент Шавкат Мирзиёев нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, етакчи молия институтлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш режаларини эълон қилди.

Маълум қилинишича, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда иқтисодий институтлар билан яқин ҳамкорликни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби етакчи молия институтлари билан ҳамкорликда иқтисодиётни технологик модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, барқарор энергетика ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш ишлари давом эттирилади.

Президентнинг таъкидлашича, “бундай улуғвор вазифалар” мамлакатда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини оширишни талаб этади. Давлат раҳбари бунинг учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирди.

Президент ўзбек космонавтининг фазога учирилишини эълон қилди

Ўзбекистон тарихида илк бор сунъий йўлдош ва фуқаролиги бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишлар бошланди, деб маълум қилди Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида.

«Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик. Ўзбекистон космонавти бобомиз аниқлаган юлдузлардан хабар олиб келади. Бу Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради деб ишонаман», – деди президент.

Қашқадарёда тоғ портлатилди, аҳоли бундан ташвишланмоқда

Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, Макрид маҳалласи яқинида тоғ портлатилди. Маҳалла яқинида пайдо бўлган корхона фаолияти ортидан уйлар дарз кетиши, одамлар ва экологияга зарар етиши мумкинлиги аҳолини ташвишга солмоқда.

Экология қўмитаси маълумотига кўра, портлатиш ишлари ўтказилган ҳудудга яқин уйлар ҳамда мактаб биноси деворларида кузатилган майда ёриқларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун ваколатли ташкилотлар томонидан қўшимча текшириш ўтказиш мақсадга мувофиқ. Маълум қилинишича, ҳокимлик, фавқулодда вазиятлар, экология идоралари ҳамда маҳалла раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ ҳодиса жойида ўрганиш ишларини олиб борган.

Ўрганиш жараёнида портлатиш ишлари Китоб туманидаги «Мақрид» мармарлашган оҳактош конида амалга оширилгани аниқланган.

Тошкентда пулли тўхтаб туриш жойларида аҳоли учун рухсатнома жорий этилади

2026 йил 1 февралдан Тошкент шаҳрида пулли йўлбўйи автотураргоҳларига яқин ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун резидент автотураргоҳ рухсатномалари амалиёти йўлга қўйилади.

Тартибга кўра, рухсатномада кўрсатилган автомобилни соат 20:00 дан 8:00 гача бепул жойлаштириш мумкин, қолган вақтларда эса амалдаги тарифлар асосида тўлов ундирилади.

Шунингдек, рухсатнома 1 йил муддатга берилади, йиллик резидент тўлови 1 БҲМ (ҳозир 412 минг сўм) миқдорида белгиланган. Аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш режалаштирилган. Янги тартиб 2026 йил 1 февралдан кучга киради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид