Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада маҳалланинг халқни бирлаштириш, ёшларни ватанпарвар руҳда тарбиялаш ва жамиятда бирдамликни мустаҳкамлашдаги ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Шу муносабат билан давлат раҳбари 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошганини таъкидлаб, халқимизнинг меҳнати, матонати ва ёшларнинг ютуқлари юрт равнақига хизмат қилаётганини қайд этди. Давлат раҳбарининг айтишича, ўзгаришларни кутиб яшаш эмас, балки уларни ўз ақл-заковати ва масъулиятли меҳнат билан яратиш — миллатнинг куч-қудратини намоён этади.
Президент ёшларни ватанпарвар ва турли синовларга чидамли инсонлар этиб тарбиялаш, халқни янада бирлаштириш ва жипслаштиришда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳалла ва яхши қўшничилик жамиятда ижтимоий капитални бойитадиган уйғун қадриятлардир.
Мурожаатномада келтирилишича, мамлакатда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаган. Бу эса маҳалла, аввало, ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатиши қайд этилди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, жамиятда турли фикр ва қарашлар бўлиши табиий, бу демократия талаби ҳисобланади. Бироқ миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионли халқни бирлаштирадиган улуғ ғоя — Ватан манфаати ва халқ манфаати экани айтилиб, бу мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири катта экани қайд этилди.
«Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади», — деди президент.
Шуларни инобатга олган ҳолда, президент 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.
Мавзуга оид
13:26
Ҳоким ва кенгаш раиси лавозимлари ажратилади: тизим 208 туман-шаҳарда жорий этилади
12:28
2026 йилда 140 мингта квартирали кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади
12:18
«Бобомиз аниқлаган юлдузлардан хабар олиб келади». Президент ўзбек космонавтини фазога учириш ҳақида
12:05