Жамият | 12:21
2227
4 дақиқада ўқилади

Очликда курашиб, машҳурликда мағлуб бўлган инсон қиссаси

Ҳеч ўзингизни бутунлай янгидан тарбиялашга, кучлироқ одамга айланишга ҳаракат қилганмисиз? Истаса, инсон ўзини ўзгартира олади. Ўша ўсиш сизга кенг тафаккур билан бирга, қалб хотиржамлигини ҳам берса, одамлар сизни самимий қабул қила олса, ҳаммаси жойида. Бугун биз “5 дақиқа”да Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романи ҳақида гаплашамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мартин Иден - денгизчи. У қашшоқ жамиятда вояга етган, оҳорли олам ҳақида тасаввурга эга эмас эди. Бахтли, балки бахтсиз тасодиф билан у Руф Морз исмли гўзал қиз билан танишади. Қиз яшайдиган уйга кириб борганида, йигит илк бор ўзининг ижтимоий даражасини англайди. Бу уйда ҳамма маданиятли, фикрлаши, кийиниши бутунлай ўзгача. Мартин ўша пайтда ўзидан уялади. Шу ҳис уни ўзгаришга мажбур қилади. Қаршисидаги ҳурлиқо яшайдиган жамиятга муносиб бўлиш, у билан тенгма-тенг фирклашиш мақсадида йўлга чиқади. Қанақа йўл дейсизми, илм йўли, ўзни топиш йўли!

У китоб ўқий бошлайди. Аввалига кўплаб сўзларни тушунмайди, фикрлар мураккаб, аммо у тўхтамайди. Йигит кундузи оғир меҳнат қилади, кечаси ўқийди, ёзади. Аста-секин ёзувчилик унинг ягона мақсадига айланади.

Мартин деярли доим пулсиз эди. Хароба уйларда яшарди. У баъзан кунлаб овқат емасди. Ёзиш учун қоғоз йўқ, қалам йўқ, хат жўнатиш учун марка ҳам йўқ. У кийимини гаровга қўяди, сўнг уни қайтариб олиш учун яна меҳнат қилади. Шу ҳолатда ҳам у ёзишдан тўхтамайди.

Курашдан тўхтаманг, оз қолди...

У ўз асарларини таҳририятларга юборади ва ҳафталаб, ойлаб жавоб кутади. Ниҳоят, конверт қайтиб келади - рад жавоби билан. Кейин яна бири, яна бири. Бу рад жавоблар одатда инсоннинг ўзига бўлган ишончини емириб юборади. Аммо Мартин таслим бўлмайди.

Руф хоним билан муносабатлар ҳам шу пайтда синовдан ўтади. Руф Мартинни қўллаб-қувватлаётгандек туюлади. Аммо ич-ичидан қашшоқлигига тоқат қилолмайди. Қиз учун муҳаббат бироз моддийроқ, шу сабабли хаёлий нарсаларга тоқат қилмайди. Шу ерда уларнинг йўллари маънавий жиҳатдан ажрала бошлайди.

Ниҳоят, тақдир кескин бурилади. Илгари рад этилган асарлар кетма-кет қабул қилинади. Нашриётлар уни ўзлари излаб келади. Пул келади, ном келади, эътибор келади. Оч қолган кунлар ортда қолади. Лекин шу пайтда Мартин бир ҳақиқатни англайди: унинг асарлари ўзгармаган, фақат мақоми ўзгарган. Яъни тилга тушган, оммалашган, жамиятнинг ёқимтойига айланганди.

Жамият қашшоқларни аямайди

Аламлиси шундаки, жамият уни оч қолганида кўрмади. У курашганида ёнида бўлмади. Энди эса натижани баҳам кўрмоқчи. Бу эътироф Мартин учун ғалаба эмас, хиёнатга ўхшаб туюлади. У инсон сифатида эмас, бренд сифатида қабул қилинганини англайди.

Асар шу нуқтада янада жиддийлашади. Мартин мағлуб эмас, кучли инсон эди. Уни уйининг тўрида кўришни истаётган жамиятнинг хунук қиёфаси устидан гоҳ кулар, гоҳ ачинарди. У бу пайтга келиб ҳамма нарсани - муҳаббатни, ишончни, инсонларга бўлган умидни йўқотганди. Очлик пайтида уни тирик тутиб турган орзулар ўлганди.

Мартин Иден ўзи яшаётган жамиятда энг ақлли одам эди, бироқ манфаатлар устига қурилган дунёда қўғирчоқ бўлишни истамади.

Хулоса

“Мартин Иден” бугун ҳам ўқилиши керак бўлган асар. Бугун ҳам инсонларни кечаги оғир куни, меҳнати билан эмас, натижаси билан баҳолаймиз. Бугун ҳам оч қолиб ҳаракат қилганлар кўринмайди, фақат муваффақиятга етиб келганларгина олқишланади.

Бу китобни албатта ўқинг. Матрос дўстимизнинг фожиаси балки сизни бироз ранжитар, бироқ кўплаб яхши нарсаларни ўзингизга оласиз. Бугунгидан кучлироқ, балки яхшироқ ҳам бўласиз.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид