Ҳеч ўзингизни бутунлай янгидан тарбиялашга, кучлироқ одамга айланишга ҳаракат қилганмисиз? Истаса, инсон ўзини ўзгартира олади. Ўша ўсиш сизга кенг тафаккур билан бирга, қалб хотиржамлигини ҳам берса, одамлар сизни самимий қабул қила олса, ҳаммаси жойида. Бугун биз “5 дақиқа”да Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романи ҳақида гаплашамиз.
Мартин Иден - денгизчи. У қашшоқ жамиятда вояга етган, оҳорли олам ҳақида тасаввурга эга эмас эди. Бахтли, балки бахтсиз тасодиф билан у Руф Морз исмли гўзал қиз билан танишади. Қиз яшайдиган уйга кириб борганида, йигит илк бор ўзининг ижтимоий даражасини англайди. Бу уйда ҳамма маданиятли, фикрлаши, кийиниши бутунлай ўзгача. Мартин ўша пайтда ўзидан уялади. Шу ҳис уни ўзгаришга мажбур қилади. Қаршисидаги ҳурлиқо яшайдиган жамиятга муносиб бўлиш, у билан тенгма-тенг фирклашиш мақсадида йўлга чиқади. Қанақа йўл дейсизми, илм йўли, ўзни топиш йўли!
У китоб ўқий бошлайди. Аввалига кўплаб сўзларни тушунмайди, фикрлар мураккаб, аммо у тўхтамайди. Йигит кундузи оғир меҳнат қилади, кечаси ўқийди, ёзади. Аста-секин ёзувчилик унинг ягона мақсадига айланади.
Мартин деярли доим пулсиз эди. Хароба уйларда яшарди. У баъзан кунлаб овқат емасди. Ёзиш учун қоғоз йўқ, қалам йўқ, хат жўнатиш учун марка ҳам йўқ. У кийимини гаровга қўяди, сўнг уни қайтариб олиш учун яна меҳнат қилади. Шу ҳолатда ҳам у ёзишдан тўхтамайди.
Курашдан тўхтаманг, оз қолди...
У ўз асарларини таҳририятларга юборади ва ҳафталаб, ойлаб жавоб кутади. Ниҳоят, конверт қайтиб келади - рад жавоби билан. Кейин яна бири, яна бири. Бу рад жавоблар одатда инсоннинг ўзига бўлган ишончини емириб юборади. Аммо Мартин таслим бўлмайди.
Руф хоним билан муносабатлар ҳам шу пайтда синовдан ўтади. Руф Мартинни қўллаб-қувватлаётгандек туюлади. Аммо ич-ичидан қашшоқлигига тоқат қилолмайди. Қиз учун муҳаббат бироз моддийроқ, шу сабабли хаёлий нарсаларга тоқат қилмайди. Шу ерда уларнинг йўллари маънавий жиҳатдан ажрала бошлайди.
Ниҳоят, тақдир кескин бурилади. Илгари рад этилган асарлар кетма-кет қабул қилинади. Нашриётлар уни ўзлари излаб келади. Пул келади, ном келади, эътибор келади. Оч қолган кунлар ортда қолади. Лекин шу пайтда Мартин бир ҳақиқатни англайди: унинг асарлари ўзгармаган, фақат мақоми ўзгарган. Яъни тилга тушган, оммалашган, жамиятнинг ёқимтойига айланганди.
Жамият қашшоқларни аямайди














