Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин қароргоҳига дрон ҳужумини тасдиқловчи далиллар йўқ – ISW
Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари Украина дронларининг Валдайдаги Путин қароргоҳига ҳужумини тасдиқловчи далилларни топмади.
Фото: Planet Labs PBC
Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) Кремл бир кун олдин хабар берган Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига Украина дронлари ҳужумининг тасдиғини топмади. Бу ҳақда марказ таҳлилчиларининг 30 декабрга ўтар кечаси эълон қилинган ҳисоботида айтилади.
ISW хулосасига кўра, Россия расмийларининг президент қароргоҳига ҳужум ҳақидаги хабарлари очиқ манбалар маълумотлари: геолокация, объект яқинидаги портлашлар ёки тутун тасвирлари, маҳаллий ҳокимият шарҳлари ёки минтақавий оммавий ахборот воситаларининг шикастланишлар ҳақидаги хабарлари билан тасдиқланмайди. Бундан ташқари, таҳлилчилар Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлигининг расмий баёнотларида зиддиятлар борлигини аниқлади.
ISW хулосалари маҳаллий аҳоли томонидан ҳам тасдиқланмоқда. «Можем объяснит» телеграм-каналининг ёзишича, Новгород вилояти аҳолиси дронлар парвози ҳақида огоҳлантирувчи хабарларни олмаган, Валдай аҳолиси эса дронларга хос овозлар ёки дронларнинг портлашини эшитмаган.
Аввалроқ Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Украинанинг 91 та дрони Путиннинг Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилганини айтди. У ҳужумни тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирмади ва Украинага жавоб қайтариш, шунингдек, тинчлик музокараларида позицияни кучайтириш билан таҳдид қилди. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар ва зарар кўрганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Украина ҳукумати Валдайга дронлар ҳужуми ҳақидаги хабарни «Украинага такрор ҳужумлар учун баҳона ва ёлғон баҳона яратиш» мақсадидаги «уйдирма» деб атади.
Кремл Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига «ҳужум қилишга уриниш»ни «музокаралар жараёнини бузишга қаратилган теракт» деб баҳолади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 30 декабр куни таъкидлаганидек, Украинанинг бундай ҳужуми «Трамп ва унинг урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларига қарши» қаратилган. Песков, шунингдек, дронлар ҳужумига оид далилларни келтирмади ва ҳужумнинг ишончсизлиги ҳақидаги хабарларни «ақлдан озган баёнот» деб атади.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Путиннинг қароргоҳига «ҳужум қилишга уриниш нозик пайтда содир бўлганини» айтганди.
«Ҳозир буларнинг ҳаммаси учун қулай вақт эмас. Ва бундай қилиш мумкин эмас. Ва мен бу ҳақда президент Путиндан билиб олдим. Мен жуда ғазабландим», деди у 29 декабр куни.
Institute for the Study of War (ISW) – Америкадаги мустақил таҳлилий марказ бўлиб, ҳарбий стратегия, можаролар ва халқаро хавфсизлик масалаларига ихтисослашган.
Марказ Украинадаги уруш, жанговар ҳаракатлар, фронт чизиғидаги ўзгаришлар ҳақидаги кундалик таҳлилий маълумотлар ва стратегик хулосалар билан кенг танилган. ISW таҳлили очиқ манбалар (OSINT) - томонларнинг расмий баёнотлари, сунъий йўлдош тасвирлари, фото ва видео материалларга асосланади.
ISW материалларидан мунтазам равишда дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида иқтибос келтирилади ва экспертлар ҳамжамияти томонидан фойдаланилади. Шу билан бирга, марказ АҚШ давлат идораси эмас, аммо унинг хулосалари кўпинча халқаро можаролар бўйича жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасига таъсир кўрсатади.
Мавзуга оид
23:41 / 30.12.2025
Йил якунида ахборот уруши: Россия Путин қароргоҳига зарба берилганини айтмоқда
21:29 / 30.12.2025
Кремл Путиннинг қароргоҳига ҳужум уюштирилгани ҳақидаги баёнотлардан кейин унинг манзилини махфийлаштирди
17:46 / 30.12.2025
Россия Туркиядаги «Аккую» АЭС қурилишини молиялаштириш учун 9 млрд доллар ажратади
16:11 / 30.12.2025