Жаҳон | 16:11 / 30.12.2025
3405
2 дақиқада ўқилади

Украина Покровск яқинида асирлар ўлдирилгани бўйича тергов бошлади

Украина Бош прокуратураси маълум қилишича, Покровск атрофида Россия ҳарбийлари асирга тушган икки нафар Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчисини ўлдирган.

Фото: Украина Бош прокуратура офиси

Украина Бош прокуратураси Покровск туманида Россия ҳарбийлари томонидан украин асирлар отиб ташлангани ҳақидаги ҳолат бўйича тергов бошлади. Бу ҳақда Бош прокурор идорасида душанба куни, 29 декабрда хабар қилинди.

Прокуратура ёзишича, жорий йил 27 декабр куни Покровск туманидаги Шахово қишлоғида позицияларга ҳужум вақтида россияликлар Украина армиясининг икки нафар ҳарбий хизматчисини асирга олган. “Оккупантлар ўқотар қурол билан таҳдид қилиб, улардан бирини қисман ечинишга мажбурлаган, шундан кейин қуролсизлантирилган ҳар икки ҳимоячини отиб ташлаган. Асирлар ҳалок бўлганини кўргач, улар иккинчи — аллақачон ўлдирилган ҳимоячидан ҳам кийимларини ечиб олган”, — дея даъво қилади Бош прокуратура.

Идора, шунингдек, дрондан олинган видеоёзувдан скриншотларни ҳам илова қилган — уларда баён қилинган воқеалар акс этгани айтилган. “Ҳарбий асирларни қасддан ўлдириш Женева конвенцияларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади ва оғир халқаро жиноят сифатида квалификация қилинади”, — деб таъкидлади Украина прокуратураси.

Дастлабки тергов инсон ўлимига олиб келган ҳарбий жиноят содир этилгани ҳақидаги модда бўйича бошланган (Украина ЖК 438-моддаси 2-қисми).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид