Жаҳон | 20:09 / 02.01.2026
1740
2 дақиқада ўқилади

Эрон расмийлари Трампни Теҳронга таҳдидлари учун танқид қилди

Оқ уй раҳбари Эронни намойишчиларни ўққа тутмасликка чақириб, акс ҳолда қуролли ёрдам билан таҳдид қилди. Эрон расмийлари буни «тажовузкор позиция» деб атади.

Фото: Reuters

Эроннинг юқори мартабали амалдорлари АҚШ президенти Доналд Трампни Теҳронга таҳдидларининг эҳтимолий оғир оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

«Трамп авантюризмга қўл ургани Америка халқига аниқ бўлиши керак (...). Улар Америка ҳарбийларининг хавфсизлиги ҳақида ўйлаши керак эди», деб ёзди Х ижтимоий тармоғида Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний.

Унинг таъкидлашича, Трампнинг таҳдидларидан кейин АҚШ ва Исроилнинг «тажовузкор позициясига» шубҳа қолмаган.

«Норозилик билдираётган дўкон эгалари ва вазиятни кескинлаштириш учун махсус ўтказилаётган акциялар ўртасида фарқ бор. Трамп шуни билиши керак эдики, ички ишларимизга АҚШ аралашуви бутун минтақани беқарорлаштиради ва Америка манфаатларига зарарли таъсир кўрсатади», деб таъкидлади Ларижоний.

Ўз навбатида, Эрон олий раҳбари маслаҳатчиси Али Шамхоний Трампнинг сўзларига изоҳ берар экан, «Эрон миллий хавфсизлиги бизнинг қизил чизиғимиз, шунчаки ўйламай ёзилган постлар учун мавзу эмас», деб таъкидлади.

Аввалроқ Трамп Эрон хавфсизлик кучлари намойишчиларни ўққа тутса, АҚШ намойишчиларга қуролли ёрдам беришини айтганди.

Эронда оммавий норозилик намойишлари бир неча кундан бери давом этмоқда. Одамлар миллий валютанинг кескин қадрсизланиши фонида кўчаларга чиқаётгани таъкидланмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид