Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Расм сифати яхши, тўғрими?» — Ли Хитой билан муносабатларни тиклашга уринмоқда
Жанубий Корея президенти 2019 йилдан бери илк марта Хитойга келди. Ли Пекин билан минтақавий хавфсизлик ва корейс поп-маданиятига қўйилган норасмий тақиқни муҳокама қилди. КХДР эса ташриф арафасида гипертовушли ракетасини учирди.
Фото: Жанубий Корея президенти матбуот хизмати
5 январ куни Жанубий Корея президенти Ли Же Мён Пекинда Хитой етакчиси Си Жинпинг билан учрашди ва Хитой билан муносабатларда «янги босқич» бошлашга чақирди.
BBCʼнинг ёзишича, ушбу тўрт кунлик сафар – 2019 йилдан бери Жанубий Корея етакчисининг Хитойга илк ташрифидир. Лидан олдинги собиқ президент Юн Сок Ёл даврида икки томонлама муносабатлар совуқлашган эди. Минтақавий хавфсизлик ва Пекиннинг корейс поп-маданиятига қўйган норасмий тақиқини бекор қилиш масаласи Ли учун асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб турибди.
Маҳаллий нашрлар Ли бу ташрифни «Жанубий Корея — Хитой муносабатларини тўлиқ миқёсда тиклаш учун муҳим имконият» деб атаганини ёзди. «Биз Жанубий Корея — Хитой муносабатлари ривожида янги босқични бошламоқчимиз», деган у.
Лини Халқ вакиллари Буюк залида қабул қилган Хитой етакчиси икки мамлакатнинг «минтақавий тинчликни сақлаш ва глобал тараққиётни илгари суришдаги муҳим масъулияти»ни таъкидлади. Си шунингдек, кореялик ҳамкасбини «тарихнинг тўғри томонида қатъий туришга ва тўғри стратегик танловлар қилишга» чақирган.
Шимолий Корея масаласи
AP нашрининг ёзишича, Ли Хитойга келишидан бир неча соат олдин Шимолий Корея денгиз томонга бир нечта баллистик ракета, жумладан, гипертовушли ракеталар учирди. Бундай ракеталар товуш тезлигидан беш баравар тез учишга мўлжалланган бўлиб, уларни аниқлаш ва уриб тушириш жуда қийин. Лекин хорижий экспертлар Шимолий Кореяда бундай ишлайдиган гипертовушли қурол мавжудлигига шубҳа билан қарайди.
Хитой Шимолий Кореянинг асосий иттифоқчиси бўлиб, унга иқтисодий таянч беради. Сўнгги йилларда Хитой ва Россия биргаликда БМТ санкцияларини кучайтириш бўйича АҚШ ва бошқаларнинг уринишларини бир неча бор тўсиб келган.
Саммит чоғида икки давлат Корея яриморолида тарангликни юмшатишнинг ижодий йўлларини излашни давом эттиришга келишиб олди.
Ли Шимолий Корея билан дипломатик алоқаларни жонлантирмоқчи, бироқ ҳозирча жиддий силжиш йўқ. У Ким Чен Инни ядровий қуроллардан воз кечишга мажбур қилишда Хитой ёрдамидан фойдаланишга уринмоқда.
Ли душанба куни Хитой билан Корея яриморолида «тинчлик учун реал муқобиллар» устида ишлашга ваъда берди. Лекин Хитой Шимолий Кореяга босим ўтказиши ноаниқ. Чунки жанубликларнинг АҚШ билан янги ҳарбий режалари Пекинга ҳам маъқул эмас.
Хитой ва Япония муносабатларида таранглик
Лининг ташрифи шунингдек, Тайван масаласида кескинлашган вазият фонида ҳам юз берди. Олдинроқ Япония бош вазири агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, Токио аралашиши мумкинлиги ҳақидаги баёнот берган эди. Бунинг ортидан Хитой ва Япония ўртасида дипломатик таранглик кучайди.
Ўтган ҳафта Хитой сепаратизм ва «ташқи аралашув» кучларига огоҳлантириш сифатида орол атрофида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди.
Ушбу учрашувда эса Си Хитой ва Жанубий Кореянинг Японияга қарши тарихий қаршилигини эслатиб, икки мамлакатни «Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг меваларини ҳимоя қилиш ва минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун қўл қовуштириб ишлашга» чақирди.
Нашрнинг ёзишича, Пекин ва Сеул ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда Корея консерватив ҳукуматларининг айрим қарорлари, жумладан, АҚШга ўз ҳудудида ракетага қарши мудофаа тизимини жойлаштиришга рухсат бергани туфайли тебраниб турган. Либерал сиёсатчи Ли эса Пекин билан алоқаларни яхшилашга ваъда берган. Шу билан бирга Вашингтон ва Токио билан ҳам алоқаларни мустаҳкам сақлаб қолмоқчи.
Хусусан, Жанубий Кореянинг АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлигига тўхталар экан, Ли бу ҳамкорлик Хитой билан муносабатларга зид эмаслигини айтган.
У ташрифининг мақсади «ўтмишдаги тушунмовчилик ёки зиддиятларни бартараф этиш ва Жанубий Корея-Хитой муносабатларини янги босқичга кўтариш» эканини қўшимча қилди.
Икки томонлама алоқалар
Хитой ва Жанубий Корея мустаҳкам ва жуда катта савдо алоқаларига эга. Икки давлатнинг 2024 йилдаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 273 миллиард долларга етган.
Хусусан, бу учрашувда ҳам Си ва Ли технология, савдо, транспорт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда 15 та ҳамкорлик битимининг имзоланишини кузатди.
Шунингдек, душанба кунида Ли Пекинда Samsung, Hyundai, LG ва Alibaba Group каби йирик компаниялар вакиллари иштирок этган бизнес форумда қатнашган. У ерда истеъмол товарлари, қишлоқ хўжалиги, биотехнология ва кўнгилочар соҳалардаги битимлар имзоланган.
Ташрифнинг илк кунида Ли ўтган йили Си совға қилган Xiaomi телефони орқали у билан селфи олди. «Расм сифати, албатта, яхши, тўғрими?» — деб ёзди Ли суратларни улашар экан.
Ли кун тартибидаги яна бир масала — Хитойнинг корейс мусиқаси ва сериалларига қўйган норасмий чекловлари. Улар 2016 йилдан бери мавжуд бўлиб, АҚШ ракета тизими жойлаштирилганидан кейин пайдо бўлган деб ҳисобланади. Хитой бу тақиқни расман тан олмаган, бироқ у корейс санъаткорларига норозилик сифатида жорий этилган, деб ишонилади. Ли маданий алмашинувларни босқичма-босқич кенгайтиришга келишилганини айтди, бироқ аниқ мажбуриятлар эълон қилинмади.
Мавзуга оид
07:56 / 08.01.2026
Дунёда энг кўп чой қаерда ишлаб чиқарилади?
18:46 / 05.01.2026
Тожикистон ва Ўзбекистон Хитой ва Европага мултимодал йўлакни ишга туширади
21:54 / 04.01.2026
Хитойда интернетда лицензиясиз ҳолда хабар тарқатиш тақиқланди
11:11 / 04.01.2026